Дори нархларини асоссиз оширган учта фармацевтика компанияси ортиқча олинган маблағни қайтарди
Рақобат қўмитаси учта фармацевтика компаниясида айрим дори воситаларининг нархи асоссиз оширилганини аниқланди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Fair Tech» ягона ахборот тизими орқали келиб тушган маълумотлар таҳлили давомида учта фармацевтика компанияси томонидан дори воситалари нархларини асоссиз ошириш ҳолатларини аниқлади.
Текширувда «NIKA PHARM», «Astor Alliance» ва «EVRO FARM BIZNES» МЧЖлар айрим дори воситаларини сотишда давлат томонидан белгиланган нархларга риоя қилмагани маълум бўлган.
Натижада ушбу корхоналар томонидан жами қарийб 100 миллион сўм миқдорида асоссиз даромад олингани қайд этилди.
Қайси дорилар аниқланди?
Қўмита маълумотига кўра, қонунбузилиш «NIKA PHARM» томонидан сотилган «ГАСТРОМЕГ EZO» 40 мг №20 капсулаларида кузатилган.
Шунингдек, «Astor Alliance» томонидан сотилган «Долгит» креми 50 грамм, «Мезим F» 10000 таблеткалари ҳамда «EVRO FARM BIZNES» реализация қилган «БРОВЕНСИН» сиропи 100 миллилитр флаконлари нархида ҳам белгиланган чекловларга риоя этилмаган.
Қўмитага кўра, ушбу ҳолатлар «Фаир Tech» тизими орқали олинган маълумотлар ва Солиқ қўмитасидан келиб тушган асоссиз даромад ҳақидаги ахборотлар асосида ўрганилган.
Қўмита огоҳлантирди
Текширувдан сўнг учала компания ҳам қонунбузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этди ва ортиқча олинган маблағларни қоплаш чораларини кўрди.
Рақобат қўмитаси дори воситаларини реализация қилувчи барча тадбиркорлик субектларини қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирди. Шунингдек, «Фаир Tech» тизими орқали дори воситаларига қўлланилаётган савдо устамаларини мунтазам таҳлил қилиб бориш ва қонунбузилишлар аниқланган тақдирда уларни ихтиёрий равишда бартараф этиш тавсия этилди.





