Дунёдаги энг юқори ва энг паст инфляция қайси давлатларда кузатилиши маълум қилинди
ХВЖ прогнозларига кўра, 2026 йилда Венесуэла дунёдаги энг юқори инфляцияга эга мамлакат бўлиб қолади, Коста-Рикада эса дефляция кузатилиши кутилмоқда.
© Magnific. comХалқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) эълон қилган World Economic Outlook ҳисоботига кўра, Венесуэла дунёдаги энг юқори инфляцияга эга мамлакат бўлиб, йиллик ўртача инфляция 387,4 фоизга етиши мумкин. Бу кўрсаткич мамлакатни дунёдаги энг юқори инфляция қайд этилаётган давлат сифатида сақлаб қолмоқда.
Мутахассислар юқори инфляциянинг асосий сабаблари сифатида мамлакатда йиллар давомида сақланиб келаётган сиёсий беқарорлик, иқтисодий бошқарув муаммолари ва аҳолининг оммавий эмиграциясини кўрсатмоқда. Шунингдек, 2014 йилда жаҳон нефт нархларининг кескин тушиб кетиши ҳам Венесуэла иқтисодиётига оғир таъсир кўрсатган.
Нефт экспорт қилувчи давлатлар орасида юқори инфляция фақат Венесуэла билан чекланмайди. ХВЖ маълумотларига кўра, Эронда инфляция даражаси 68,9 фоиз, Нигерияда 16 фоиз, Ливияда эса 10,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Инфляцияси энг паст давлатлар
Рейтингнинг иккинчи қисмида Кариб ҳавзаси мамлакатлари жойлашган. Аруба, Белиз, Гренада, Панама, Сент-Винсент ва Гренадин ороллари ҳамда Багама оролларида инфляция даражаси тахминан 1 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Коста-Рика эса 2026 йилда нархлар ўртача 0,4 фоизга пасайиши кутилган ягона мамлакат сифатида ажралиб турибди. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, дефляция қисқа муддатда истеъмолчилар учун ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, аммо узоқ даврда иқтисодий фаолликнинг сусайишига олиб келиши эҳтимоли бор.
Аргентина тажрибаси
Аргентина ҳам юқори инфляцияни жиловлаш бўйича ислоҳотларни давом эттирмоқда. Президент Хавер Милей ҳукумати давлат харажатларини қисқартириш ва субсидияларни камайтириш орқали инфляцияни пасайтиришга эришган бўлса-да, мамлакатда 2026 йил учун инфляция 30,4 фоиз даражасида прогноз қилинган.
ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон иқтисодиёти 2026 йилда ўсишни давом эттиради, бироқ ўсиш суръати 3,1 фоизгача секинлашади. Таҳлилчилар фикрича, Венесуэладаги қарийб 400 фоизлик инфляция ва Коста-Рикадаги дефляция ўртасидаги катта тафовут мамлакатлар иқтисодий ривожланишидаги фарқларни яққол намоён этмоқда.
Аввалроқ 2031-йилга келиб дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтинги ўзгариши ва юқори поғоналарда энг катта силжишни Ҳиндистон амалга ошириши прогнозини маълум қилган эдик.





