Logo

Дунёнинг энг яхши университетлари маълум қилинди

Kecha 21:142 daqiqa

Жаҳон университетлари рейтинги маркази (CWUR) 2025–2026 йиллар учун дунёдаги энг яхши университетлар топ-1000 рейтингини эълон қилди. Ўзбекистоннинг бирорта университети эса рўйхатдан жой олмади.

Дунёнинг энг яхши университетлари маълум қилинди

CWUR томонидан эълон қилинган 2025–2026 йилги рейтингда биринчи ўринни Гарвард университети эгаллади. Унинг ортидан Стэнфорд университети ва Массачусетс технология институти жойлашган. Кучли ўнликдан Кембриж ва Оксфорд университетлари ҳам ўрин олган бўлиб, қолган позицияларни Йел, Пенсилвания, Колумбия ҳамда Калифорния технология институти каби нуфузли таълим муассасалари эгаллади.

Ташкилот президенти Надим Маҳассеннинг таъкидлашича, етакчи университетлар билан бошқа олий таълим муассасалари ўртасидаги фарқ йил сайин кенгайиб бормоқда. Унинг фикрича, рейтингда юқори натижаларга эришишнинг асосий омили илмий тадқиқотлар ҳисобланади. Шу боис ҳукуматлар университетларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун илм-фан соҳасига кўпроқ сармоя йўналтириши зарур.

Қайси мамлакат университетлари етакчи?

Бу йилги рейтингга 60 дан ортиқ мамлакатнинг университетлари киритилди. Рўйхатда АҚШнинг 200 дан зиёд, Хитойнинг 100 дан ортиқ ва Буюк Британиянинг 60 дан зиёд олий таълим муассасаси мавжуд. Шунингдек, Жанубий Корея, Италия, Испания, Канада ва Австралия каби давлатлар ҳам кенг вакиллик қилди.

CWUR рейтинги университетларнинг тақдим этган маълумотларига эмас, балки мустақил баҳолаш мезонларига асосланади. Бунда битирувчиларнинг халқаро муваффақиятлари, иш билан таъминланиш даражаси, академиклар ютуқлари, илмий мақолалар сони, уларнинг нуфузи ҳамда иқтибос келтирилиш кўрсаткичлари инобатга олинади.
Жаҳон университетлари рейтинги маркази таълим сифати, тадқиқотлар самарадорлиги ва инновацион фаолиятни баҳолаш орқали дунёдаги энг йирик университетлар рейтингларидан бирини шакллантириб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid