Logo

«Экстремал об-ҳаво» яқинлашмоқда: БМТ Эл-Нино кучайишидан огоҳлантирди

Bugun 13:251 daqiqa

Жаҳон метеорология ташкилоти Эл-Нино туфайли жазирама, қурғоқчилик ва кучли ёғингарчилик хавфи ортишини башорат қилмоқда.

«Экстремал об-ҳаво» яқинлашмоқда: БМТ Эл-Нино кучайишидан огоҳлантирди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг об-ҳавони кузатиш агентлиги ҳукуматлар ҳамда гуманитар ташкилотларни Эл-Нино ҳодисаси ортидан келиб чиқадиган жазирама, қурғоқчилик ва кучли ёғингарчилик каби «экстремал об-ҳаво ҳодисалари»га тайёр туришга чақирди.

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) 3 июл куни эълон қилган баёнотида Эл-Нино таъсири аллақачон бошланганини ҳамда июлдан сентябргача бўлган даврда у «кучайиши кутилаётгани»ни маълум қилди.

Одатда Эл-Нино ноябр ва феврал ойлари оралиғида ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.

БМТ агентлиги ҳукуматлар ва гуманитар ташкилотларга деҳқонлар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш режаларини ишлаб чиқишда ёрдам бериш мақсадида иқлимга оид маълумотлар базаси ва эрта огоҳлантириш тизимларини ишга туширган.

Эл-Нино ўзи нима?

Эл-Нино – Тинч океанининг марказий ва шарқий экваториал қисмида сув юзаси ҳароратини кўтарувчи табиий иқлим ҳодисаси бўлиб, у бутун дунё бўйлаб шамол, босим ва ёғингарчилик тизимларида ўзгаришларга олиб келади.

Ушбу ҳодиса одатда ҳар 2-7 йилда бир марта юз беради ва 9 ойдан 12 ойгача давом этади.

Иқлим шароитлари Эл-Нино ва унинг акси бўлган Ла-Нина ўртасида алмашиб туради. Уларнинг оралиғида эса нейтрал ҳолат кузатилади.

ЖМТ глобал океан ҳарорати июн ойида қисман Эл-Нино таъсирида янги рекорд даражага етганини маълум қилди.

Охирги Эл-Нино 2023 йилнинг тарихдаги энг иссиқ иккинчи йил сифатида қайд этилишига, 2024 йилнинг эса мутлақ рекорд ўрнатишига сабаб бўлган эди.

Teglar

Mavzuga oid

«Экстремал об-ҳаво» яқинлашмоқда: БМТ Эл-Нино кучайишидан огоҳлантирди | Vaqt.uz