Энди пул ўтказмаларини телефон рақами орқали ҳам амалга ошириш мумкин бўлади
Марказий банк жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмаларини мобил телефон рақами орқали амалга ошириш тартибини ишлаб чиқди.
© vaqt.uzМарказий банк жисмоний шахслар ўртасида Тезкор тўловлар тизими орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш тартибини белгилайдиган қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжатга мувофиқ, фуқаролар маблағ жўнатиш ва қабул қилиш учун ўз депозит ҳисобини маҳаллий мобил операторлардан бирининг телефон рақамига боғлаши лозим бўлади.
Лойиҳага кўра, ҳар бир абонент учун бир мобил рақамга фақат битта депозит ҳисобини бириктириш мумкин. Барча маълумотлар Банк депозиторларининг миллий ахборот базасида сақланади. Хизматдан фойдаланиш учун ариза банкларнинг мобил иловалари орқали юборилади.
Бунда, олувчининг банк ҳисобварағига боғланадиган телефон рақами мижознинг банк мобил иловасида рўйхатга олинган телефон рақами билан мос келиши, телефон рақами мижознинг номида бўлиши ва ушбу мижоз терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролларини яратиш билан боғлиқ фаолиятга алоқадор шахс бўлмаслиги керак.
Рўйхатдан муваффақиятли ўтган мижозларга махсус боғлаш коди берилади ва у шахсий кабинетда акс эттирилади.
Ўтказма механизми
Пул ўтказмалари мобил иловалар орқали масофадан туриб ёки банк бўлимларида тўлов топшириқномаси асосида амалга оширилиши мумкин. Тизимда жўнатувчи қабул қилувчининг телефон рақами ёки махсус кодини киритади.
Сўровдан кейин тизим қабул қилувчининг исми ва унга хизмат кўрсатувчи банк ҳақида маълумот тақдим этади.
Агар операция турли банклар ўртасида амалга оширилаётган бўлса, жўнатувчи маблағ қабул қилинадиган банкни танлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Тизим тўловни тасдиқлашдан олдин қабул қилувчининг шахсини ва хизмат учун ундириладиган комиссия миқдорини кўрсатади. Бу эса хатолар ва нотўғри ўтказмалар хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Транзаксия якунлангач, сана, вақт, операция рақами (БИД), томонлар исмлари, ҳисоб рақамлари, ўтказилган сумма ва комиссия ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳужжат шакллантирилади.
Лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазалар шу йилнинг 13 июнигача қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, март ойида регулятор банклар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминловчи «Account-to-Account» (А2А) форматидаги хизмат ишга туширилганини маълум қилган эди. Бундай ўтказмалар учун тарифлар эса ҳар бир тижорат банки томонидан мустақил белгиланади.





