Эрдўған: «Бизда суннийлик ёки шиалик деб номланган дин йўқ. Бизда фақат Ислом бор»

Bugun 06:001 daqiqa

Туркия раҳбари Анқара ҳеч қачон қардош Эрон халқини дин ёки миллатига қараб ажратмаганини таъкидлади.

Эрдўған: «Бизда суннийлик ёки шиалик деб номланган дин йўқ. Бизда фақат Ислом бор»

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара ҳеч қачон қардош Эрон халқини мазҳаб ёки миллий мансублигига қараб ажратмаганини айтди. Унинг таъкидлашича, Туркия учун турк, курд, араб, шиа ёки сунний деган тушунчалар эмас, балки инсон омили биринчи ўринда туради.

«Бизда суннийлик ёки шиалик деб аталадиган дин йўқ. Бизда фақат Ислом бор. Илдизимиз ва мазҳабимиздан қатъи назар, аввало барчамиз инсон ва мусулмонмиз», — деди Туркия етакчиси.

Эрдўған Туркия ичида ва ташқарисида ёрдамга муҳтож бўлган ҳар бир инсоннинг ёнида бўлишда давом этишини таъкидлади.

У ўз нутқида Ироқ, Сомали, Сурия, Украина, Судан, Ливан, Яман ва Ливия каби давлатларга кўрсатилган доимий кўмак давом эттирилишини таъкидлади. Туркия раҳбари Анқара ирқий, диний ва тил бўйича камситишларни қатъиян рад этишини қўшимча қилди. Унга кўра, бу сиёсат нафақат мамлакат ичида, балки халкаро майдонда ҳам изчил давом эттирилади.

Шунингдек, Туркия етакчиси ижтимоий тармоқларда авж олаётган мазҳаблараро адоватдан огоҳлантирди. У эски низоларни қайта жонлантиришга бўлган уринишларни урушнинг бир фронти деб атади ва минтақа халқларини бундай фитналарга нисбатан ҳушёр бўлишга чақирди.

Teglar

Mavzuga oid