Эркинжон Турдимов таълим ва илм-фан вазири бўлди
Турдимов Эркинжон Оқбўтаевич Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тасдиқланди.

Бугун, 9 октябр куни Эркинжон Турдимов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
У бунга қадар Сирдарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.
Маълумот учун: Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.
У меҳнат фаолиятини 1991 йилда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Сирдарё филиалида бошлаган. 1993–1995 йилларда банкнинг Зарафшон шаҳар бўлимида ишлаган, 1995–1996 йилларда Зарафшон шаҳар ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
1996–2000 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий вилояти бўлимига раҳбарлик қилган. 2000–2008 йилларда Навоий вилоятининг Хатирчи тумани ҳокими бўлган.
2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Шу йилнинг ўзида Навоий вилояти ҳокими лавозимига ўтган ва 2016 йилгача ушбу вазифада ишлаган.
2016–2018 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокими бўлиб фаолият юритган. 2018 йил 13 июлда Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган. У 2024 йил ноябрь ойида ушбу лавозимдан озод этилган. Ўша вақтдаги расмий хабарда бу қарор бошқа ишга ўтиши муносабати билан қабул қилингани айтилган.
2025 йил 22 январда Президент фармони билан Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Шу йилнинг декабрь ойида эса вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Турдимов 2016 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2024 йилда эса «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, Таълим ва илм-фан вазирлиги 2026 йил 3 октябрда Президент фармони билан ташкил этилган. Янги вазирлик Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида тузилган.
Вазирлик мактабгача таълимдан тортиб олий таълим ва илм-фангача бўлган соҳаларда ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Шунингдек, касбий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, олий таълимдан кейинги таълим ҳам унинг ваколатига киради.





