Эрондаги уруш фонида OPEC+ давлатлари нефт қазиб олиш квотасини оширишга келишди

Bugun 12:252 daqiqa

Саудия Арабистони ва Россия бошчилигидаги OPEC+ давлатлари нефт бозорини барқарорлаштириш учун эҳтиёткор стратегияни давом эттиришга келишди.

Эрондаги уруш фонида OPEC+ давлатлари нефт қазиб олиш квотасини оширишга келишди

ОПЕК+га аъзо саккиз давлат — Саудия Арабистони, Россия, Ироқ, БАА, Кувайт, Қозоғистон, Уммон ва Жазоир 2026 йил 5 апрел куни онлайн учрашув ўтказиб, жаҳон нефт бозоридаги вазиятни муҳокама қилди.

Учрашув якунларига кўра, мазкур давлатлар май ойидан бошлаб кунига 206 минг баррел нефт қазиб олиш ҳажмини оширишга келишди. Бу ўзгариш 2023 йил апрелда жорий этилган 1,65 млн барреллик ихтиёрий чекловлар доирасида амалга оширилади.

photo_2026-04-06_11-57-56

Бу ҳолатга асосий сабаб — АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши фонида Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиб қолганидир. Мазкур бўғоз жаҳон нефт таъминоти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, унинг ёпилиши глобал етказиб бериш занжирини издан чиқарди.

Натижада Саудия Арабистони, БАА, Кувайт ва Ироқ каби асосий экспортёрлар нефт экспорт ҳажмини кескин камайтиришга мажбур бўлди. Бу давлатлар урушгача ишлаб чиқаришни ошириш имконига эга бўлган ягона иштирокчилар эди.

Нефт нархлари эса тўрт йиллик максимумга яқинлашиб, бир баррел учун қарийб 120 долларга етди. Бу эса транспорт ёқилғиси нархларининг кескин ошишига олиб келиб, бутун дунёда истеъмолчилар ва бизнес учун босимни кучайтирмоқда.

Экспертлар фикрича, қабул қилинган 206 минг барреллик ошириш умумий йўқотишларнинг 2 фоизидан ҳам кам қисмини қоплайди. Ҳозирги шароитда бу қарор кўпроқ рамзий аҳамиятга эга деб баҳоланмоқда.

Айни пайтда, энергетика инфратузилмаларига қилинган ҳужумлар ҳам вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Қатор объектларга зарар етгани сабаб уларни тиклаш учун ойлар талаб этилиши мумкин.

Агар Ҳўрмуз бўғози яқин ойларда қайта очилмаса, нефть нархи 150 доллардан ҳам ошиб кетиши эҳтимоли бор. Бу эса глобал иқтисодиёт учун жиддий хавфлар келтириб чиқаради.

Teglar

Mavzuga oid