Logo

Эртага барча давлат ташкилотларида иш вақти соат 10:00 дан бошланади

Bugun 18:111 daqiqa

Президент қарори билан 18 июнь куни барча давлат ташкилотларида иш вақти соат 10:00 га кўчирилди. Бу фуқароларга Ўзбекистон миллий жамоасининг Колумбияга қарши учрашувини томоша қилиш учун қўшимча имконият яратиш мақсадида қилинмоқда.

Эртага барча давлат ташкилотларида иш вақти соат 10:00 дан бошланади © Видеодан кадр

18 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Колумбияга қарши ўйини муносабати билан барча давлат ташкилотларида иш вақти соат 10:00 дан бошланади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.


Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон — Колумбия учрашуви соат 07:00 да старт олади. Давлат раҳбари фуқаролар миллий жамоага ўз уйида, оила аъзолари ва яқинлари даврасида мухлислик қилиши учун қўшимча қулайлик яратиш бўйича қарор қабул қилган.


«Президентимиз эртанги матчни уйда, оила даврасида, набиралари билан томоша қиладилар. Шу муносабат билан 18 июнь куни барча давлат ташкилотларида иш вақти соат 10:00 да бошланиши белгиланди», деди Шерзод Асадов.


Матбуот котиби шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида мамлакатга келган хорижий меҳмонлар Ўзбекистондаги ўзгаришларни юқори баҳолаётганини таъкидлади.


Xалқаро таҳлилларга кўра, Тошкент дунёдаги энг тез ривожланаётган учинчи шаҳар сифатида эътироф этилган. Бу рейтингда пойтахт Шэньчжэнь ва Ар-Риёддан кейинги ўринни эгаллаган.


Ҳозирда Ўзбекистонда 102 давлатдан делегациялар ҳамда 3 мингга яқин халқаро ташкилот вакиллари меҳмон бўлиб турибди. Шерзод Асадов форум кунларида транспорт ҳаракати билан боғлиқ айрим ноқулайликларга қарамай, Тошкент аҳолиси ва ҳайдовчилар юқори маданият намоён этаётганини қайд этди.


Унинг маълум қилишича, Президент мазкур жараёнларда фаоллик кўрсатаётган ҳайдовчилар, ободонлаштириш ходимлари, Тошкент аҳли ва меҳмонларга миннатдорлик билдирган.

Teglar

Mavzuga oid