Франция ва Германия Евроиттифоқдан «Лукойл»га санкция талаб қилмоқда
09.09.2025 | 09:303 daqiqa
Франция ва Германия Европага «Лукойл»га қарши санкция киритишни таклиф қилди. Бу Россияга қарши сакцияларнинг 19-пакети доирасида амалга оширилиши мумкин.

Франция ва Германия Европага қўшма тарзда мурожаат қилиб, Россиянинг йирик хусусий нефт компанияси — «Лукойл»га қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилмоқда. Бу таклиф Евроиттифоқнинг Россияга қарши тайёрланаётган санкцияларининг 19-пакети доирасида кўриб чиқилмоқда, деб хабар берди RTBF.
Ҳужжатда таъкидланишича, нефт ва газ сотуви Россиянинг Украинага қарши урушдаги асосий молиявий манбааларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, Париж ва Берлин нефт савдосининг марказида турган компаниялар, учинчи давлатлар ва молиявий механизмларга нисбатан босимни кучайтиришни зарур деб ҳисобламоқда.
«Лукойл» нафақат Россиядаги етакчи нефт ишлаб чиқарувчилардан бири, балки Европа Иттифоқида ҳам, жумладан Белгияда, ўз ёнирлғи қуйиш станцияларига эга. Франция ва Германия ушбу инфратузилмани ҳам таҳдид сифатида баҳоламоқда.
Бундан ташқари, таклифда учинчи давлатлар орқали амалга оширилаётган санкциялардан қочиш ҳолатлари — масалан, Россия нефтини қайта ишлаб, бошқа давлатлар манбаси сифатида ЕИга қайта сотиш амалиёти танқид қилинади. Бу ҳолатга қарши аниқ механизмлар таклиф этилмоқда.
Ҳужжатда Россия томонидан санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатилаётган молиявий схемаларга ҳам эътибор қаратилган.
Таъкидланишича, Россиядаги 250 га яқин кичик банк ушбу трансакцияларда фаол иштирок этмоқда ва бу орқали ҳарбий харажатлар молиялаштирилмоқда.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга санкцияларни четлаб ўтишда Қозоғистонни айблаб, унга қарши иккиламчи чекловлар жорий этиш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.





