Ғарбий соҳилда «катта талон-торож»: Исроил фаластинликларнинг ерларини давлат рўйхатига олишни бошлади
Исроил ҳукумати ярим асрдан ортиқ вақт ўтиб, фаластинликларга тегишли ерларини рўйхатга олишга қарор қилди. Бу Ғарбий соҳил устидан тўлиқ назорат ўрнатиш йўлидаги энг кескин қадам ҳисобланади. Исроил ҳукумати буни «инқилоб» деб атаса, экспертлар эса «этник тозалаш» деб баҳоламоқда.

Исроил ҳукумати босиб олинган Ғарбий соҳилдаги ерларни рўйхатга олишни бошлаш режасини маъқуллади. Бу эса ўз навбатида эгалик ҳуқуқини исботлай олмаган фаластинликларнинг ерларини тортиб олиш имконини беради.
Исроил 1967 йилда Ғарбий соҳилни босиб олганидан бери илк бор ушбу ҳудудларни, аниқроғи «C» ҳудудидаги ерларни давлат мулки сифатида рўйхатга олади — бу жараён ерга бўлган ҳуқуқни расмийлаштириш деб ҳам аталади.
«C» ҳудуди Ғарбий соҳилнинг Исроил бевосита назорати остида қолаётган қисми бўлиб, у минтақа умумий майдонининг қарийб 60 фоизини ташкил этади. Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ерларни рўйхатга олишни қайта тиклаш таклифини Молия вазири Бецалел Смотрич, Адлия вазири Ярив Левин ва Мудофаа вазири Исраэл Кац биргаликда илгари сурган. Молия вазири ушбу қадамни гўё «барча ерларини назорат қилиш йўлидаги турар жойлар инқилобининг» давоми деган.
Фаластин ҳукумати ушбу қарорни Ғарбий соҳилни амалда (де-факто) аннексия қилиш, деб баҳолади. Бу ўн йиллар давомида халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда Ғарбий соҳилда яҳудий турар жойларини барпо этиш жараёнини расмийлаштириш демакдир.
Босиб олинган ерларни рўйхатга олиш жараёни нимани англатади?
1949 йилдан 1967 йилгача Ғарбий соҳил Иордания назорати остида бўлган даврда маъмурият асосан Британия мандати давридаги ерга эгалик тартибига таянган бўлиб, унга кўра ерлар давлат ёки хусусий мулк сифатида рўйхатга олинган.
Бироқ Ғарбий соҳилдаги ерларнинг атиги учдан бир қисми ушбу жараён доирасида расман рўйхатдан ўтказилган эди. Минтақада истиқомат қилувчи кўплаб фаластинликларда ўз ерларига эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки бошқа далиллар мавжуд эмас эди. Уларнинг кўпчилиги 1967 йилдаги олти кунлик араб-исроил уруши даврида ҳужжатларини йўқотган ёки бу ҳужжатлар йўқ қилинган эди. Мазкур урушда Исроил Ғарбий соҳилни босиб олган.
Исроил Ғарбий соҳил устидан назоратни ўрнатгач, ерларни рўйхатга олиш жараёнини тўхтатиб қўйди. Энди ҳукумат ушбу жараённи қайта тиклашга қарор қилди, бу эса кўплаб Исроил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва сиёсий таҳлилчилар томонидан кескин қораланмоқда.
Ғарбий соҳилда фаолият юритувчи сиёсий таҳлилчи Ксавер Абу Эйд Исроил ҳукуматининг бу ҳаракатини «Фаластин ҳудудларининг амалдаги аннексияси» деб таърифлади.
«Улар аннексияни оддий бюрократик жараён ниқоби остида амалга оширмоқдалар», — деди у «Al Jazeera» телеканалига берган интервюсида. Унинг қўшимча қилишича, бу қарор «этник ва диний мансубликка қараб икки хил қонунчилик тизимини жорий қилувчи мустамлакачи куч мавжудлиги ҳақидаги тушунчани, яъни апартеидни яна бир бор тасдиқлайди».
Ерларни рўйхатга олиш қаерда амалга оширилади?
1993 ва 1995 йилларда Исроил ҳамда Фаластин озодлик ташкилоти ўртасида Осло келишувлари имзоланган эди. Мазкур келишувлар Ғарбий соҳил ва Ғазонинг маъмурий бошқарув тартибини белгилаб берди ҳамда босиб олинган Ғарбий соҳилни учта ҳудудга — «A», «B» ва «C» зоналарига ажратди.
Янги ташкил этилган Фаластин миллий маъмуриятига ерларнинг 18 фоизи («A» ҳудуди) устидан тўлиқ маъмурий назорат, 22 фоизи («B» ҳудуди) устидан эса Исроил билан биргаликда қўшма назорат ҳуқуқи берилди. «C» ҳудуди эса тўлиқлигича Исроил ҳарбий назорати остида қолди. Ушбу тақсимот беш йил давомида амал қилиши, шундан сўнг тўлиқ маъмурий бошқарув Фаластин миллий маъмуриятига ўтказилиши кўзда тутилган эди. Бироқ бу жараён амалга ошмай қолди.
Эндиликда қайта тикланаётган ерларни рўйхатга олиш жараёни 300 мингдан ортиқ фаластинлик истиқомат қиладиган «C» ҳудудига нисбатан қўлланилади.
Исроилнинг яҳудий турар жойлари қурилишига қарши чиқувчи «Peace Now» гуруҳи маълумотларига кўра, «C» ҳудудидаги ерларнинг қарийб 58 фоизи ҳанузгача рўйхатдан ўтказилмаган. Гуруҳ эълон қилган баёнотида Исроил ҳукуматининг ушбу ҳаракати рўйхатга олинган-олинмаган барча ерлар устидан Исроилнинг тўлиқ назоратини ўрнатишга хизмат қилиши ҳақида огоҳлантирди.
Рўйхатга олиш жараёни қандай бўлиб ўтади?
Исроил расмийлари жараён қандай кечиши ҳақида жуда кам маълумот берган бўлса-да, экспертларнинг маълум қилишича, у асосан ерга бўлган қонуний эгалик ҳуқуқини Исроил давлати тасарруфига ўтказиш ва сўнгги йилларда Шарқий Қуддусда кузатилгани каби фаластинликларни ўз уйларидан мажбуран кўчириб юборишни назарда тутади.
Исроилнинг ер ва уй-жой ҳуқуқлари билан шуғулланувчи «Bimkom» инсон ҳуқуқлари ташкилоти тадқиқот бўлими раҳбари Михал Браернинг айтишича, Исроил расмийлари Ғарбий соҳилда ҳам 2018 йилдан бери Шарқий Қуддусда қўлланилаётган усулдан фойдаланиши эҳтимоли юқори.
«Bimkom» маълумотларига кўра, 2018 йилдан 2024 йилга қадар Шарқий Қуддусда расмийлаштирилган ерларнинг атиги 1 фоизи фаластинликлар номига рўйхатга олинган.
Браернинг таъкидлашича, Исроил дастлаб рўйхатга олмоқчи бўлган ҳудудларни танлаб олади. Ҳукумат келгуси тўрт йил ичида рўйхатдан ўтказилмаган ерларнинг қарийб 15 фоизини расмийлаштиришни мақсад қилган.
«Ҳозирги кунда бу 15 фоизга айнан қайси ерлар киришини тахмин қилиш қийин эмас — булар давлат эгалигини исботлаш осон бўлган ёки фаластинликларнинг даъволарини рад этиш қулай бўлган ҳудудлардир. Чунки рўйхатдан ўтказилмаган кўплаб ерларнинг аниқ архиви йўқ, мавжуд ҳужжатлар эса жуда қадимий тарихга эга. Шу боис, фаластинликлар учун ўз эгалик ҳуқуқини исботлаш ўта мушкул бўлади», — дейди у «Al Jazeera»га.
Унинг сўзларига кўра, назарий жиҳатдан фаластинликлар янги жараён доирасида ерга эгалик қилиш бўйича даъво аризаси топширишлари мумкин, бироқ амалда бунга йўл қўйилмаслиги эҳтимоли катта.
«Улар даъво аризаси топширган тақдирда ҳам, белгиланган ҳуқуқий мезонларга жавоб бериш деярли имконсиз. Бунинг устига, "Эгасиз мулклар тўғрисида"ги қонун муаммоси ҳам бор. Ушбу қонун ерларни давлат тасарруфига ўтказади, бироқ унинг босиб олинган Ғарбий соҳилда айнан қандай қўлланилиши ҳали аниқ эмас. Шу сабабли, фаластинликларнинг шахсий мулкий ҳуқуқларидан маҳрум бўлиш хавфи жуда юқори», — дея қўшимча қилди у.
1950 йилда қабул қилинган Исроилнинг «Эгасиз мулклар тўғрисида»ги қонунига кўра, давлат «эгасиз» деб топилган шахсларнинг мулкини мусодара қилиш ҳуқуқига эга. Бу тоифага 1947 йил 29 ноябрдан (БМТ Бош Ассамблеяси Британия мандатини тугатиш ҳамда Фаластин ва Яҳудий давлатларини тузиш ҳақида резолюция қабул қилган кун) кейин мамлакатдан қувилган, қочиб кетган ёки уни тарк этган шахслар киради. Исроил давлати ушбу санадан олти ой ўтмай ташкил топган эди.
Браернинг фикрича, ерларни рўйхатга олиш жараёни «шу пайтгача турли сабабларга кўра эгаллаб бўлмаган ерларни тортиб олиш, кўпроқ яҳудий турар жойларини қуриш ва фаластинликларни «C» ҳудудидан сиқиб чиқариш учун навбатдаги механизм бўлиб хизмат қилади».
«The Times of Israel» нашри хабарига кўра, ерларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан боғлиқ ҳукумат қарори 2026 йилдан 2030 йилгача «C» ҳудудида ушбу жараённи амалга ошириш учун 79 миллион доллар миқдорида дастлабки бюджет ажратишни кўзда тутади. Хабарда қўшимча қилинишича, мазкур ҳудудда аллақачон фуқаролик ва ҳарбий назоратни ўрнатган Исроил бу жараённи бошлаш учун 35 та вазирлик лавозимини ҳамда махсус давлат агентликларини ташкил этади.
Бу жараён Фаластин жамоатчилиги учун нимани англатади?
«Peace Now» ташкилоти Исроил ҳукуматининг Ғарбий соҳилда ерларни рўйхатга олишни қайта тиклаш ҳақидаги қарорини «Фаластин мулкини оммавий равишда эгаллаб олиш» деб баҳолади.
Сиёсий таҳлилчи Абу Эйднинг фикрича, ҳукумат амалга оширмоқчи бўлган ерларни рўйхатга олиш жараёни «тўлиқ кўламли этник тозалаш сиёсати» бўлиб, у Исроилнинг «Фаластин ишини йўқ қилишга бўлган уринишларидаги бурилиш нуқтаси» сифатида эсда қолади. Шу билан бирга, у Исроил ҳукуматининг бу қарори ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини, балки Исроил йиллар давомида «яҳудий кўчманчиларининг террорчилик ҳужумлари тўлқинига ҳамда бутун Ғарбий соҳил бўйлаб мустамлакачи турар жойлар кенгайишига йўл қўйиб бергани» натижаси эканини таъкидлади.
«Умуман олганда, фаластинликлар нафақат ўз ерлари ва табиий бойликларидан маҳрум қилинмоқда, балки Исроил режими ва халқаро ҳамжамият томонидан мутлақо жазосиз қолаётган ҳужумларга ҳам дучор бўлмоқда. Масалан, Ерихо яқинидаги Ал-Аужа ҳудудида бир неча ой олдин яшаган 100 та фаластинлик оиладан бугунги кунга келиб биронтаси ҳам қолмаган», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Исроил Ғарбий соҳилдан ҳайдалган минглаб одамлар Иорданияга ўтиб кетишини кутмоқда.
«Исроил ҳукумати аъзолари томонидан янграётган, яъни Иордания Фаластинга айлантирилиши керак, Фаластин эса сионистик лойиҳа ихтиёрида қолиши лозим, деган иғволарни ҳам унутмаслик керак», — дейди таҳлилчи.
Фаластинликларнинг ерга эгалик ҳуқуқлари бунга қадар қандай поймол қилинган?
Ғарбий соҳилда қарийб 3,3 миллион фаластинлик истиқомат қилади. Минтақа 11 та губернаторликка бўлинган бўлиб, Хеврон 842 000 аҳоли билан энг гавжум ҳудуд ҳисобланади. Ундан кейинги ўринларда Қуддус (500 000), Наблус (440 000), Рамаллоҳ ва ал-Бира (377 000) ҳамда Женин (360 000) туради.
1967 йилдаги Исроил оккупациясидан буён фаластинликлар ерларининг мусодара қилиниши ва ноқонуний яҳудий турар жойларининг кенгайиши қурбони бўлиб келмоқда. Бугунги кунда 700 000 га яқин исроиллик Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги Фаластин ерларида барпо этилган, фақат яҳудийлар учун мўлжалланган турар жойларда яшайди. Бу манзиллар битта уйдан тортиб, кўп қаватли бинолар мажмуасигача бўлган кўринишга эга.
Ўтган йили Исроил ҳукумати ушбу минтақада «амалдаги суверенитет»ни мустаҳкамлаш мақсадида янги турар жойлар қуришни маъқуллади.
Умуман олганда, 2022 йилдан буён Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги турар жойлар ва пунктлар сони қарийб 50 фоизга ошиб, 141 тадан 210 тага етган.
Исроил фаластинликларнинг ерга бўлган ҳуқуқларини поймол қилиш билан бир қаторда, Ғарбий соҳилда тез-тез рейдлар ўтказиб туради. Бу ерда фаластинликлар доимий равишда назорат-ўтказиш пунктлари, асоссиз ҳибсга олишлар, уйларнинг бузиб ташланиши ва кўчманчиларнинг ҳужумларига дуч келишади.
Исроилнинг «B'Tselem» инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги йилларда кўчманчиларнинг ҳужумлари оқибатида Ғарбий соҳил бўйлаб 44 та жамоа мажбуран кўчирилган. Ушбу ҳужумлар фаластинликларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлмоқда. Исроилнинг Ғазодаги уруши бошланган 2023 йил 7 октабрдан буён кўчманчиларнинг ҳужумлари янада кучайган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октабрдан жорий йилнинг 5 февралига қадар Ғарбий соҳилда Исроил ҳарбийлари ва кўчманчилари томонидан камида 1 054 нафар фаластинлик ўлдирилган.
Исроилнинг рўйхатга олиш жараёни қонунийми?
2024 йилда Халқаро суд Исроилнинг «ер ва мулкларни мусодара қилиши, аҳолини кўчириши ҳамда босиб олинган ҳудудларни ўз таркибига қўшиб олишга қаратилган қонунчилиги мутлақо асоссиз ва мавжуд ҳуқуқий мақомни ўзгартира олмайди», деган қарорни чиқарди.
Халқаро суд, шунингдек, Исроилнинг Фаластин ҳудудларини узоқ вақтдан бери оккупация қилиб келаётганини ноқонуний деб топди ва бу жараён «имкон қадар тезроқ» тугатилиши шартлигини таъкидлади.
Браернинг фикрича, Исроил ҳукуматининг ерларни рўйхатга олиш бўйича сўнгги қарори ҳам халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келади.
«Халқаро ҳуқуқ нормалари жуда аниқ: босқинчи давлат сифатида Исроил оккупация қилинган ҳудудларда суверен ваколатларни, жумладан, ерга эгалик масаласини узил-кесил ҳал қила олмайди», — деди у.
«Бу позиция Халқаро суднинг 2024 йилдаги маслаҳат хулосасида ҳам ўз тасдиғини топган. Унда Шарқий Қуддусдаги ер ҳуқуқларини расмийлаштириш бўйича шунга ўхшаш жараёнлар оккупация қонунчилигини бузиши қайд этилган», — дея таъкидлади мутахассис.
Бу Исроил ва Иордания ўртасидаги тинчлик шартномаси учун нимани англатади?
1994 йил 26 октабрда Исроил ва Иордания ўртасида Вади Араба шартномаси имзоланган бўлиб, у 1948 йилда Исроил давлати ташкил этилгандан буён ушбу икки давлат ўртасида давом этиб келаётган уруш ҳолатига расман чек қўйган эди.
Мазкур келишувга кўра, Исроил ва Иордания ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган, ҳудудларни ўзаро алмашишга келишилган ҳамда савдо, туризм, транспорт, сув ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ҳамкорлик учун йўл очилган. Шунингдек, Иордания Исроил ва Фаластин ўртасида «икки давлат» тамойилига асосланган ечим ўрнатилишини таъминлаш мақсадида ушбу ҳужжатни имзолаган эди.
Бироқ Иордания жамоатчилиги, мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилнинг Фаластиндаги давомли агрессияси сабабли ҳукуматни Исроил билан алоқаларни узишга бир неча бор чақирди. 2014 йилда Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлардан сўнг кўплаб иорданияликлар кўчаларга чиқиб, ҳукуматдан Исроил билан тинчлик шартномасини бекор қилишни талаб қилишган. 2024 йилда ҳам Исроилнинг 70 мингдан ортиқ фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлган Ғазодаги қирғинбарот уруши фонида иорданиялик фаоллар томонидан шундай чақириқлар янгради.
15 феврал куни Исроил ва Ғарбий соҳил билан 482 километрлик умумий чегарага эга бўлган Иордания Исроилнинг Ғарбий соҳилда ерларни рўйхатга олишни қайта тиклаш ҳақидаги қарорини кескин қоралади. Иордания Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг бу ҳаракатини «халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши» деб атади.
Абу Эйднинг сўзларига кўра, Исроил йиллар давомида Иордания-Исроил тинчлик келишуви тамойилларига зид равишда ҳаракат қилиб келмоқда.
«Агар тинчлик келишувлари ҳамкорликни кучайтириш ва "икки давлат" ечимини ўрнатиш учун шароит яратишга қаратилган бўлса, Исроил ушбу тамойилларга қарши чиқиб, кенгайтиришга асосланган "Буюк Исроил" ғоясини амалга оширишга интилмоқда», — дейди у.
Таҳлилчининг қўшимча қилишича, «Иордания бундай масалаларга жиддий ёндашади ва албатта бошқа минтақавий ҳамда халқаро иттифоқчилар билан биргаликда жамоавий чора кўриш йўлларини излайди».





