Газ, нефт ва кўмир қазиб олиш пасаймоқда: энергетика секторида нима бўляпти?

2019-йилгача газни импорт қилмаган Ўзбекистон эндиликда импортни кескин ошириб, экспортни сезиларли қисқартирмоқда. Буларнинг барчаси газ қазиб олиш қисқариши фонида бўляпти.

Газ, нефт ва кўмир қазиб олиш пасаймоқда: энергетика секторида нима бўляпти? © RIA Novosti

2026-йилнинг январ-апрель ойларида Ўзбекистонда табиий газ ишлаб чиқариш 16 фоизга камайиб, 12,6 млрд метр кубни ташкил қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди.

Табиий газдан ташқари кўмир ва газ конденсатини ишлаб чиқариш ҳам сезиларли пасайди — мос равишда 27,8 фоиз ва 19,2 фоизга. Тўрт ойда 1,3 млн тонна кўмир ва 319,3 минг тонна газ қазиб олинган.

1


Автомобил бензинини ишлаб чиқариш 7,1 фоизга ўсиб, 390 минг тоннадан 417,5 минг тоннага етди. Дизел ишлаб чиқариш эса 17,1 фоизга сезиларли ўсди ва 381 минг тоннани ташкил қилди.

Газ қазиб олиш қисқариши Ўзбекистонда 2019-йилдан бери давом этмоқда. Ўша йили мамлакатда 60 млрд метр кубдан ошиқ газ ишлаб чиқарилган.

2


2025-йилда газ қазиб олиш 42,3 млрд метр кубгача пасайиб, сўнгги йиллардаги энг паст даражалардан бирига тушди. Ўзбекистон-2030 стратегиясига кўра, газ қазиб олиш 2026-йилда ҳам пасайишда давом этади — 40,2 млрд метр кубгача.

Режага кўра, 2026-йилдан кейин газ қазиб олиш ўсишни бошлайди ва 2030-йилга келиб 48,5 млрд метр кубга етади.

Келгуси йилларда газ қазиб олиш қуйидагидек бўлиши кутилмоқда (метр кубда):
2027-йил — 42,9 млрд (+6,7 фоиз);
2028-йил — 44,5 млрд (+3,7 фоиз);
2029-йил — 45,5 млрд (+2,2 фоиз);
2030-йил — 48,5 млрд (+6,6 фоиз).

Шунга қарамай, 2030-йилга келиб ҳам газ қазиб олиш ҳажми 2019-йилги юқори кўрсаткичга яқинлашмайди.

Аслида газ қазиб олиш кўрсаткичини янада кўпайтириш режа қилинганди. 2023 йилги Ўзбекистон-2030 стратегиясида қазиб олиш ҳажминини яна 60 млрд метр кубдан ошириш вазифаси қўйилганди.

Амалда ҳукумат учун ҳозирча бу марра реал кўринмаяпти.

Газ олди-сотдиси қандай бўляпти?

Ишлаб чиқаришнинг пасайиши фонида Ўзбекистон газ экспортини сезиларли камайтирди.

Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистон 129,4 млн долларлик газни чет элга етказиб берди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35,2 фоизга камроқ. 2019-йилнинг шу даврига нисбатан эса газ экспорти қарийб 7 баробарга тушиб кетган.

2026-йилнинг январ-апрель ойларида газ импорти 53,6 фоизга ўсди ва 508,3 млн долларга етди. 2019-йилгача газни умуман импорт қилмаган давлат, хориждан газ олиб келишни ҳам кўпайтирмоқда.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 178

Barchasi

Mavzuga oid