«Гиёҳвандликка қарши кураш – бу фақат бир давлатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг умумий масъулияти» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини та мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига мурожаат йўллади.

«Гиёҳвандликка қарши кураш – бу фақат бир давлатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг умумий масъулияти» — Шавкат Мирзиёев © prezident.uz

Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига мурожаат йўллади.

Давлат раҳбари ўз нутқида бугунги кунда гиёҳвандлик ва нарко-жиноятлар инсоният учун энг жиддий трансмиллий таҳдидлардан бирига айланганини таъкидлади.

Президент сўзларига кўра, замонавий технологиялар, шифрланган алоқа воситалари ва рақамли молиявий инструментлардан фойдаланиш наркотиклар савдосини янада мураккаблаштирмоқда. Айниқса, синтетик наркотиклар ва психотроп моддалар тарқалишининг ортиши аҳоли, хусусан, ёшлар орасида жиддий хавф туғдирмоқда.

Миллий чоралар кучайтирилди

Ўзбекистонда сўнгги йилларда нарко-жиноятларга қарши курашиш бўйича 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 2024 йилда миллий стратегия тасдиқланиб, бу соҳада тизимли ислоҳотлар бошланди. Натижада наркотиклар билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш 2,5 баробарга ошди, мусодара қилинган моддалар ҳажми икки баробарга кўпайди.

Фақат ўтган йилнинг ўзида 15 мингдан зиёд нарко-жиноят фош этилди, 3,5 тонна гиёҳванд моддалар йўқ қилинди. Шунингдек, 14 та яширин лаборатория ва 72 та интернет-дўкон фаолиятига чек қўйилди.

Президент ёшлар орасидаги ҳолатга алоҳида тўхталиб, жиноятларнинг учдан бири айнан шу тоифа ҳиссасига тўғри келаётганини билдирди. Бу эса профилактика ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Халқаро ташаббуслар илгари сурилди

Нутқда трансмиллий нарко-жиноятларга қарши курашиш учун бир қатор янги ташаббуслар таклиф этилди. Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида сунъий интеллект асосида ишлайдиган ягона рақамли платформа яратиш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, крипто-биржалар учун ягона идентификация стандартларини жорий этиш, ноқонуний молиявий оқимларни аниқлаш тизимини кучайтириш ва “халқаро рақамли қора код” механизмларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Марказий Осиё Наркологлар ассоциациясини ташкил этиш ва унинг бош офисини Самарқандда жойлаштириш таклифи билдирилди.

Президент таъкидлаганидек, гиёҳвандликка қарши кураш фақат бир давлатнинг эмас, балки бутун дунё ҳамжамиятининг умумий вазифасидир. Ўзбекистон бу йўналишда 50 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Форум якунида қабул қилиниши кутилган Самарқанд декларацияси глобал хавфсизлик ва жамоат саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Давлат раҳбари барча шерикларни амалий ҳаракатларга чақириб, бу курашда қатъият билан иштирок этишга даъват қилди.

Teglar

Mavzuga oid