Глобал энергия инқирози: Миср ҳукумати электр энергиясини тежашни бошлади

Bugun 18:222 daqiqa

Миср ҳукумати электр тежаш мақсадида тижорат объектлари учун 21:00 гача ишлаш тартибини жорий қилди. Чекловлар мамлакатда газ танқислиги ва юқори нархдаги ёқилғи манбалари билан боғлиқ.

Глобал энергия инқирози: Миср ҳукумати электр энергиясини тежашни бошлади

Миср ҳукумати мамлакат бўйлаб электр энергиясини тежашга қаратилган кенг қамровли чораларни жорий қилди. 2026 йил 28 мартдан бошлаб барча тижорат объектлари, жумладан дўконлар, кафе ва савдо марказлари соат 21:00 да ёпилиши белгиланди. Фақат пайшанба ва жума кунлари уларга бир соатга узоқроқ ишлашга рухсат берилади.

Ушбу қарор миллий электр тармоғига тушаётган юкламани камайтириш ва ёқилғи импорт харажатларини қисқартириш мақсадида қабул қилинган. Бош вазир Мустафо Мадбули топшириғига кўра, мамлакат ҳар ой тахминан 1,1 миллиард доллар тежашни режалаштирмоқда. Бу эса глобал энергия инқирози шароитида иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Маҳаллий ривожланиш вазирлиги қарор ижросини қатъий назоратга олган. Ҳудудларда махсус мониторинг гуруҳлари иш олиб боради, электр истеъмоли эса Миллий фавқулодда тармоқ орқали онлайн кузатилади. Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда босқичма-босқич жазо чоралари қўлланилади: аввал огоҳлантириш, кейин жарима, такрорланса эса объект ёпилиши мумкин.

Бироқ барча соҳаларга чеклов татбиқ этилмайди. Тиббиёт муассасалари, дорихоналар, саноат корхоналари ва ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолияти узлуксиз давом этади. Шунингдек, супермаркетлар, нонвойхоналар ва мева-сабзавот дўконлари каби кундалик эҳтиёж учун муҳим объектлар ҳам чекловлардан мустасно қилинган.

Туризм соҳаси ҳам алоҳида ҳимояга олинган. Туризм вазири Шериф Фатҳи таъкидлашича, чекловлар сайёҳларга таъсир қилмайди. Ҳургада, Шарм-эш-Шейх, Луксор ва Асуан каби машҳур курорт ҳудудлари одатий тартибда ишлашда давом этади.

Туроператорлар фикрига кўра, сайёҳлар асосан меҳмонхоналарда дам олгани учун ушбу чекловлар амалда деярли сезилмайди.

Шу билан бирга, кўча ёритиш ва ташқи реклама ҳам қисқартирилиши режалаштирилган. Бу чоралар умумий энергия сарфини камайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳўрмуз бўғози уч ҳафтадан бери ёпиқлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid