add

Google ва Apple ўзбекистонликларни киберҳужум хавфидан огоҳлантирди

08.12.2025 | 21:261 daqiqa

Корпорациялар Intellexa жосуслик дастурий таъминоти орқали амалга оширилаётган кенг кўламли киберҳужумлар бир неча давлатда фойдаланувчиларни қамраб олганини маълум қилди.

Google ва Apple ўзбекистонликларни киберҳужум хавфидан огоҳлантирди

Reuters хабар беришича, Google ва Apple компаниялари Марказий Осиё давлатларини ҳакерлар ҳужуми ҳақида огоҳлантирди.

Google маълумотларига кўра, Қозоғистон ҳозирча энг юқори хавф гуруҳидаги давлатлардан бири сифатида қайд этилган. Корпорация ушбу ҳудудда Intellexa компанияси томонидан ишлаб чиқилган жосуслик дастурий таъминоти қўлланган ҳолатлар аниқланганини билдирган. Бу дастур фойдаланувчиларнинг қурилмаларига билдирмасдан кириб бориш ва маълумотларни яширин йиғиш имконини беради.

Apple ҳам шунга ўхшаш огоҳлантиришларни 2 декабрдан бошлаб фойдаланувчиларга юборишни жадаллаштирганини тасдиқлади. Компания ҳужумлар хусусида батафсил маълумот тақдим этмаган бўлса-да, уларнинг кўлами кенг эканини қайд этган. Apple маълумотига кўра, ҳозиргача 150 дан ортиқ мамлакатдаги фойдаланувчиларга эҳтимолий ҳужумлар ҳақида билдиришномалар юборилган.

Компания ўз баёнотида Intellexa жосуслик дастурий таъминотидан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган ҳужумлар ўнлаб давлатларда кузатилаётганини қайд этган. Покистон, Қозоғистон, Ангола, Миср, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Тожикистонда юзлаб аккаунтлар шубҳали киберфаолият мақсадида нишонга олингани айтилмоқда.

Мутахассислар бундай огоҳлантиришлар фойдаланувчиларни шахсий маълумотларни муҳофаза қилишга жиддий ёндошишга чақириши, корпорациялар эса келгусида бундай таҳдидларни тезкор аниқлаш ва олдини олиш борасида чораларни кучайтириши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid