Logo

Гўшт қимматлашишидан хавотирдаги аҳоли, чекка қишлоқларни қамраб олувчи янги интернет ва кутилганидан тез ўсаётган ЯИМ — 17 июн дайжести

Kecha 22:554 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Гўшт қимматлашишидан хавотирдаги аҳоли, чекка қишлоқларни қамраб олувчи янги интернет ва кутилганидан тез ўсаётган ЯИМ — 17 июн дайжести

Ўзбекистонда «Amazon Leo» интернети ишга тушади

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Amazon Leo» ва «UZ-SAT» ўртасида имзоланган келишув Ўзбекистонда сунъий йўлдош интернети бозорида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Лойиҳа доирасида «Amazon»нинг 3 мингдан ортиқ паст орбитали сунъий йўлдошларидан фойдаланиб, айниқса чекка ва тоғли ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Бу масофавий таълим, электрон давлат хизматлари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

«Amazon Leo»нинг бозорга кириши мавжуд сунъий йўлдош интернети хизматлари учун рақобатни кучайтириши мумкин. Экспертлар фикрича, бу хизматлар сифати ошиши ва интернет қамрови кенгайишига туртки беради. Шу билан бирга, лойиҳа Ўзбекистоннинг рақамли трансформация стратегияси ҳамда чекка ҳудудларни интернет билан таъминлаш дастурларини жадаллаштириши кутилмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 180 млрд доллардан ошиши мумкин

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида мамлакат иқтисодиёти кутилганидан анча тез суръатларда ўсиб бораётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бир неча йил аввал 2026 йил учун белгиланган 100 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) марраси муддатидан олдин бажарилиб, жорий йилнинг ўзида иқтисодиёт ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Президент сўнгги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида 2025 йилда ЯИМ 7,7 фоизга ўсгани, иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб қилингани ва халқаро захиралар 70 миллиард доллардан ошганини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро рейтингларда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб, иқтисодий эркинлик бўйича илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторига кирган. Бу мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва иқтисодий салоҳияти ортиб бораётганидан далолат сифатида баҳоланмоқда.

Англия ҳуқуқига асосланган Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилинади

Тошкент халқаро инвестиция форумида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда инвесторлар ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилишга қаратилган янги ташаббусни эълон қилди. Унга кўра, Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида Англия ҳуқуқи тамойиллари асосида фаолият юритувчи мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади. Судда нуфузли хорижий судьялар ва халқаро ҳуқуқ экспертлари ишлаши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон БМТнинг Сингапур конвенциясига қўшилиш ниятини ҳам билдирди. Мазкур ўзгаришлар инвестициявий низоларни ҳал қилиш, медиация механизмларини ривожлантириш ва хорижий инвесторларга мамлакат ичида халқаро даражадаги ҳуқуқий кафолатлар яратишга қаратилган. Қайд этиш жоизки, Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси ҳозирча парламентда муҳокама қилинмоқда ва уни такомиллаштириш жараёни давом этмоқда.

Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви асосий ставкани навбатдаги йиғилишда ҳам ўзгаришсиз қолдирди. Бу қарор йиллик инфляция май ойида тарихий минимумлардан бири бўлган 5,5 фоизгача пасайганига қарамай қабул қилинди. Регуляторнинг таъкидлашича, инфляция секинлашаётган бўлса-да, ички талабнинг юқори даражада сақланиши, бюджет харажатларининг фаоллашуви ва ташқи иқтисодий ноаниқликлар эҳтиёткор пул-кредит сиёсатини талаб қилмоқда.

Марказий банк прогнозларига кўра, 2026 йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланади, иқтисодий ўсиш эса 7–7,5 фоиз даражасида бўлади. Шу билан бирга, июнь ойидан энергия тарифлари оширилгани, транспорт ва ишлаб чиқариш харажатлари ўсиши, жаҳон бозорларидаги геосиёсий ва нарх хавфлари инфляцияга босим ўтказиши мумкин. Шу сабабли регулятор инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш учун қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолишини маълум қилди. Навбатдаги асосий ставка йиғилиши 2026 йил 29 июль куни бўлиб ўтади.

Май ойида аҳоли энг кўп гўшт ва сут нархи қимматлашганини сезди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил май ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 10,3 фоизни ташкил этиб, апрел ойига нисбатан 0,8 фоиз бандга пасайган. Шу билан бирга, респондентлар энг кўп гўшт ва сут маҳсулотлари нархи ошганини қайд этган. Бензин ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари қимматлашганини сезганлар улуши эса ўтган ойга нисбатан кўпайган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори сезилган инфляция Фарғона вилоятида 12,2 фоиз бўлган бўлса, энг паст кўрсаткич Навоий вилоятида — 7,9 фоизни ташкил этди. Ижтимоий гуруҳлар орасида эса пенсионерлар нархлар ошишини энг кўп ҳис қилган қатлам бўлиб, уларда мазкур кўрсаткич 13 фоизга етган. Талабалар орасида эса сезилган инфляция энг паст даражада — 8,9 фоиз бўлган. Шунингдек, ойлик даромади 30 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли гуруҳида инфляцияни сезиш даражаси 13,5 фоизни ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid