Ҳафталик нархлар таҳлили : гўшт нархи яна қимматлаб, мевалар нархи арзонлади
Август ойининг учинчи ҳафтасида бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи турлича ўзгарди. Хусусан, гўшт ва асосий сабзавотлар нархи сезиларли даражада ошган бўлса, мевалар сегментида аксинча арзонлашиш кузатилмоқда.

19-август ҳолатига кўра, сабзавотлар, жумладан, помидор, сабзи ва бодринг каби кундалик истеъмолдаги маҳсулотлар нархи 12 фоизгча ошди. Бироқ мевалар бозорида мавсумий омиллар сабаб олма, нок, лимон ҳамда узум каби мевалар нархи аксинча пасайди.
Vaqt.uz Марказий банкнинг «нархтаҳлил» платформаси маълумотлари асосида ҳафталик озиқ-овқат нархларини анъанавий тарзда ўрганиб боради.
Асосий маҳсулотлар
Бу ҳафта кундалик рўзғор учун энг зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархида кескин ўзгаришлар кузатилмади. Масалан, пахта ёғи 0,2 фоизга ошиб, 20 минг 206 сўмни ташкил қилди. Кунгабоқар ёғи эса 0,1 фоизга қимматлаб, 21 минг 417 сўмга етди. Шунга қарамай, бу кичик ўзгаришни харидорлар деярли сезгани йўқ.
Ун сегментига қарайдиган бўлсак, ун маҳсулотларининг иккала тури ҳам қимматлади. Хусусан, олий навли ун 0,1 фоизга кўтарилиб, 9 минг 362 сўмдан сотилмоқда. 1-навли ун нархи 0,3 фоизга қимматлаб, 1 килограмми 6 минг 246 сўмга етди. 1-навли ундан ёпиладиган нон нархи эса бу ҳафта ўзгармади ва ўртача 6 минг 286 сўм атрофида сақланиб қолди.
Шакар ва гуруч нархлари деярли ўзгармади. Бу ҳафта шакар нархи 12 минг 969 сўмни, гуруч эса 15 минг 036 сўмни ташкил қилди.
Тухум нархи бошқа маҳсулотларга қараганда бироз кўпроққа, яъни 1,5 фоизга қимматлаб, унинг нархи 11 минг 384 сўмга чиқди.

Сабзавотлар
Бу ҳафта сабзавотлар нархи анча кўтарилди. Айниқса, энг кўп қимматлаган сабзавотлар помидор ва бодринг бўлди. Масалан, помидор 12 фоизга ошиб, 1 килоси 6 минг 575 сўмни, бодринг эса 6 минг 360 сўмгача кўтарилди. Қизиғи шундаки, одатда куз бошида қимматлашишни бошлайдиган бу сабзавотлар, бу йил мавсумий ўзгаришлар сабабли июл охиридаёқ қимматлаша бошлаган.
Шунингдек, ҳафта давомида сабзи нархи ҳам ошиб, 1 килоси 5 012 сўмга етди. Кундалик истеъмолдан жой олган картошка нархи 0,2 фоизга кўтарилиб, 4 минг 181 сўмни ташкил қилди. Уч ҳафтадан бери қимматлаётган пиёз нархи 2 минг 508 сўмгача ошган.
Шу билан бирга, булғор қалампири 7 минг 344 сўм, карам 3 минг 200 сўм, бақлажон эса 5 минг 310 сўмдан сотилди.

Мевалар
Мева бозорида тўлиқ арзонлашиш тенденцияси кузатилиб, деярли барча асосий турдаги мевалар нархи пасайди. Хусусан, олма 0,4 фоизга арзонлаб, 1 килограмми 12 минг 559 сўмни ташкил этди. Ўтган ҳафта унинг нархи 12 минг 604 сўмдан сотилганди. Ҳафта давомида нок нархи ҳам бироз пасайган. Унинг 1 кг нархи 18 минг 492 сўмгача арзонлади.
Бу ҳафта маҳсулотлар ичида энг кўп арзонлагани айнан узум бўлди. Унинг 1 кг нархи 2,3 фоизга тушиб, 13 минг 240 сўмни ташкил қилди.
Йил бошидан бери нархи тинмай ошиб келган лимон кетма-кет икки ҳафтадирки арзонлашишда давом этмоқда. Жорий ҳафтада ҳам унинг нархи 0,6 фоизга пасайиб, ўртача 50 минг 266 сўмни ташкил қилди.
Демак, сабзавотлар нархи ошган бир пайтда меваларнинг арзонлашуви харидорларга харажатни бироз камайтиришга ёрдам берди.

Гўшт нархлари ва ҳудудлар кесимидаги тафовут қандай?
19-август ҳолатига кўра, гўшт маҳсулотлари нархлари бироз қимматлади. Ҳафта давомида мол ва қўй гўшти нархи 0,5 фоизга, товуқ гўшти эса 0,4 фоизга ошган. Ўсиш суръати катта бўлмаса-да, гўшт нархларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани харидор харажатларида сезилади.
Хусусан, бир килограмм мол гўшти ўртача 121 минг 215 сўм, қўй гўшти 132 минг 767 сўм, товуқ гўшти эса 32 минг 101 сўмни ташкил қилган.
Гўшт маҳсулотлари нархидаги ҳафталик ўзгариш ҳудудлар кесимида турлича шаклланган. Хусусан, мол гўшти нархи айрим вилоятларда ошган бўлса, бошқа ҳудудларда деярли ўзгармаган ёки бироз пасайган.

Энг юқори нарх Тошкент шаҳрида қайд этилди. 19-август ҳолатига кўра, пойтахтда 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 130 минг 947 сўмни ташкил қилиб, республика бўйича энг юқори кўрсаткич бўлди. Кейинги ўринларда Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари турибди. Бу ҳудудларда нарх мос равишда 126 минг 57 сўм ва 125 минг 950 сўмни ташкил этди.
Энг паст нарх Қорақалпоғистонда қайд этилди. Бу ерда 1 кг мол гўштининг ўртача қиймати 112 минг 555 сўм бўлди. Нисбатан арзон нархлар Бухоро, Наманган ва Андижон вилоятларида ҳам кузатилди. Хусусан, Бухорода 119 минг 977 сўм, Наманганда 119 минг 731 сўм, Андижонда эса 119 минг 947 сўмдан сотилди.
Умуман олганда, 14 та ҳудуддан 12 тасида мол гўшти нархи ошган, фақат Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида нархлар пасайган. Энг катта ўсиш Бухоро вилоятида кузатилиб, нарх бир ҳафта ичида 1,53 фоизга ошган. Хоразмда нархлар 1,43 фоизга, Навоийда 1,20 фоизга ва Андижонда 1,17 фоизга кўтарилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда нархлар деярли ўзгармади. Тошкент шаҳрида мол гўшти нархи атиги 0,05 фоизга, Самарқандда 0,04 фоизга ошган. Қорақалпоғистонда эса нарх 0,03 фоизга, Тошкент вилоятида 0,46 фоизга пасайган.
Ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути эса ҳамон сақланиб қолмоқда. Ўтган бир ҳафта ичида энг қиммат ва энг арзон ҳудуд ўртасидаги фарқ 18 минг 392 сўмни ташкил этди. Яъни, Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўшти Қорақалпоғистондагига нисбатан қарийб 16,3 фоиз қимматроқ.
Бошқача айтганда, харидор 1 кг мол гўшти учун Тошкент шаҳрида Қорақалпоғистонга нисбатан 18 минг сўмдан кўпроқ пул тўламоқда. Бу фарқлар ҳар бир ҳудуддаги талаб, йўл харажатлари ва маҳаллий бозор шароитларига қараб ўзгаради.
Teglar






