Ҳали бери 2019 йилги даражага қайтилмайди: Ўзбекистонда газ қазиб олиш келгуси йилларда қандай бўлади?

23.02.2026 | 21:532 daqiqa

Прогнозларга кўра, мамлакатда газ қазиб олиш 2026-йилда 40,2 млрд метр кубгача камаяди. Қазиб олиш 2030 йилгача ўсиши кутилмоқда, аммо бу рекорд даражага яқин ҳам келмайди. Газ импорти юқори даражада қолаётган бўлса, экспорт сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бирида турибди.

Ҳали бери 2019 йилги даражага қайтилмайди: Ўзбекистонда газ қазиб олиш келгуси йилларда қандай бўлади?

Ўзбекистонда газ қазиб олиш кўрсаткичи 2026 йилда 1,5 млрд метр кубга қисқариб, 40,2 млрд метр кубни ташкил қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон-2030 стратегиясида маълум қилинган.

Режага кўра, 2026 йилдан кейин газ қазиб олиш ўсишни бошлайди — 2030 йилга келиб 48,5 млрд метр кубга етади. 

Эътиборли жиҳати стратегияда 2025 йилда қазиб олинган газ ҳажми 41,7 млрд метр кубни ташкил қилган. Статистика агентлиги эса аввалроқ 2025 йил давомида 42,3 млрд метр куб газ қазиб олинганини маълум қилганди. 

Агентлик 2024 йилдаги газ қазиб олиш кўрсаткичини ҳам 3,3 млрд метр кубга камайтириб кўрсатганди. Эски ҳисоботда газ қазиб олиш ҳажми 44,6 млрд метр куб қилиб кўрсатилган бўлса, янгисида бу 41,3 млрд метр кубгача пасайтирилган. 

Келгуси йилларда газ қазиб олиш қуйидагидек бўлиши кутилмоқда (метр кубда):

2027 йил — 42,9 млрд (+6,7 фоиз);

2028 йил — 44,5 млрд (+3,7 фоиз);

2029 йил — 45,5 млрд (+2,2 фоиз);

2030 йил — 48,5 млрд (+6,6 фоиз).

Шунга қарамай, 2030 йилга келиб ҳам газ қазиб олиш ҳажми 2019 йилги юқори кўрсаткичга яқинлашмайди. Ўшанда мамлакатда 60 млрд метр кубдан ошиқ газ ишлаб чиқарилганди. 

1

Аслида газ қазиб олиш кўрсаткичини янада кўпайтириш режа қилинганди. 2023 йилги Ўзбекистон-2030 стратегиясида қазиб олиш ҳажминини яна 60 млрд метр кубдан ошириш вазифаси қўйилганди. 

Амалда ҳукумат учун ҳозирча бу марра реал кўринмаяпти. 

Газ олди-сотдиси қандай бўляпти? 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда газ қазиб олиш камайиши фонида импортга эҳтиёж ошиб боряпти. 2025 йилда 1 млрд 670 млн долларлик газ импорт қилинди. Бу 2024 йилга қараганда 1,2 фоизга камроқ. 

Аммо 2024 йилда газ импорти қарийб 2,5 баробарга кескин ошиб, 1,69 млрд долларгача ўсганди. 2020 йилгача мамлакатда газ импорти деярли умуман амалга оширилмаган. 

Газ экспорти 2020 йилгача жуда жиддий рақамларда амалга оширилган. Экспорт 2018–2019 йилларда 2,2 млрд доллардан ошиқ бўлган. 

Кейин эса газ тақчиллиги фонида экспорт кескин тушиб кетди. 2025 йилда 629 млн долларлик экспорт амалга оширилиб, ўсиш кўрсаткичи 1,4 фоизни ташкил қилди.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 151

Barchasi

Mavzuga oid