Logo

Ички ишлар вазирига биринчи ўринбосар тайинланди

Bugun 10:251 daqiqa

Тимур Исмаилов Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Ундан аввал бу лавозимни эгаллаган Бекмурод Абдуллаев 2025-йил ноябрида ишдан олинган ва у суд қилинмоқда.

Ички ишлар вазирига биринчи ўринбосар тайинланди © IIV

Ўзбекистон президентининг тегишли қарори билан полковник Тимур Исмаилов Камалитдинович ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан у Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, Бекмурод Абдуллаев 2025-йилнинг 3-ноябр куни Ўзбекистон президенти қарори билан лавозимидан бўшатилганди.

2026-йилнинг 27-январ куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқлангани маълум қилинган. Ҳолат юзасидан вазир ўринбосари Б. Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Р. Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

2026-йилнинг 16-апрел куни давлат манфаатларига етказилган зарарни қоплагани муносабати билан 7 нафар собиқ мулозим, хусусан, Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов ҳибсдан озод қилингани ҳақида хабар берилди.

Тергов маълумотларига кўра, Абдуллаевнинг иши жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида кўриб чиқилмоқда. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)нинг бир қатор қисм ва бандлари бўйича айбланмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида Бекмурод Абдуллаев билан бирга жами 30 нафар шахс судланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid