Икки ой давомида Ўзбекистонга 10 мингга яқин электромобил олиб кирилди
2026-йил бошида электромобиллар импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли олти бараварга ўсган.

2026-йил январ–феврал ойларида Ўзбекистонга электромобиллар импорти кескин ўсди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, икки ой давомида мамлакатга жами 9 698 дона электромобил олиб кирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 158,6 миллион долларни ташкил этган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда бир неча баравар юқори. 2025-йил январ–феврал ойларида Ўзбекистонга 18 миллион долларлик 1 556 дона электромобил импорт қилинган эди. Натижада жорий йилда электр транспорт воситалари импорти сони қарийб олти бараварга ошгани қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, бензинда ҳаракатланувчи автомобиллар импортида ҳам маълум даражада ўсиш кузатилган. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида хориждан 55,95 миллион долларлик 2 988 дона бензинли автомобиль харид қилинган. 2025-йилнинг шу даврида эса 55,88 миллион долларлик 2 746 дона машина олиб кирилганди. Бу ҳолатда импорт қилинган автомобиллар сони ошган бўлса-да, умумий қиймат деярли ўзгаришсиз қолган.
Гибрид автомобиллар сегментида эса янада каттароқ ўсиш кузатилган. 2026-йил январ–феврал ойларида Ўзбекистонга 41,2 миллион долларлик 1 249 дона гибрид автомобил импорт қилинган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич анча паст бўлиб, атиги 2,1 миллион долларлик 70 дона гибрид машина олиб кирилган.
Мутахассислар бу тенденцияни мамлакатда экологик тоза транспортга бўлган талаб ортиб бораётгани билан изоҳламоқда. Электромобиллар учун берилаётган имтиёзлар ва инфратузилманинг босқичма-босқич ривожланиши ҳам импорт ҳажмининг ошишига таъсир қилмоқда.
Маълумот учун, 2025-йилда Ўзбекистонда жами 257,8 мингта енгил автомобил ишлаб чиқарилган. «Ўзбекистон 2030» стратегиясига мувофиқ, келгуси беш йил ичида мамлакатда автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага етказиш режалаштирилган.





