Импорти 47 фоизга ошди: Ўзбекистон гўштни хориждан қимматроқ харид қилмоқда
Қўй гўшти импорти 2,3 баробар, курка гўшти эса 83 фоиз қимматлашди. Мол гўшти учун ҳам ўтган йилгидан анча кўп тўланмоқда.
© BloombergЎзбекистон 2026 йилнинг январь–май ойларида 394,2 млн долларлик гўшт маҳсулотлари импортини амалга оширди. Бу ҳақда Vaqt.uz'га Божхона қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди.
Импорт қиймати 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга кўпайган. Бунда хориждан олиб келинган гўшт маҳсулотларининг миқдори 24,1 фоизга кўпайиб, 119,7 минг тоннага етди.

Энг кўп импорт қилинган гўшт маҳсулотлари орасида мол гўшти етакчи бўлиб турибди — 59,2 минг тонна. Кейинги ўринда 28 минг тонна билан товуқ гўшти бормоқда.
Гўшт қанчадан олиб келинмоқда?
Глобал нотинчлик, логистика шароитлари мураккаблашиши ва инфляция ҳисобига Ўзбекистон гўшт маҳсулотларини 2025 йилга нисбатан анча қимматроқ харид қилмоқда.
Мол гўшти 2025 йилнинг дастлабки 5 ойида 1 кг учун 4,05 доллардан импорт қилинган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 4,95 долларга етди.
Маҳсулот | 2025 ($/кг) | 2026 ($/кг) | Ўзгариш |
Қорамол гўшти | 4,05 | 4,95 | +22,1% |
Товуқ гўшти | 1,18 | 1,22 | +3,0% |
Қўй гўшти | 1,23 | 2,84 | +132,5% |
Гўшт субмаҳсулотлари | 0,89 | 1,01 | +13,1% |
Консерваланган гўшт маҳсулотлари | 3,37 | 4,03 | +19,3% |
Курка гўшти | 1,47 | 2,70 | +83,2% |
Ўрдак гўшти | 2,87 | 1,72 | −40,0% |
Колбаса маҳсулотлари | 2,51 | 2,75 | +9,5% |
Чўчқа гўшти | 3,26 | 2,80 | −14,3% |
От гўшти | 3,17 | 3,46 | +9,1% |
Нархлар бўйича энг катта ўсиш қўй гўштида кузатилди. Ўзбекистон қўй гўштини ўтган йилга нисбатан 2,3 баробар қимматроқ — 2,84 доллардан импорт қилмоқда.
Май ойига қадар ўтган йилга нисбатан арзонроқ харид қилинган товуқ гўшти учун эндиликда 3 фоиз қимматроқ тўланмоқда — 1 кг учун нарх 1,18 доллардан 1,22 долларга ўсган.
Гўшт етиштириш суръати ҳам секинлашмоқда
Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида 580,2 минг тонна гўшт етиштирилди. Бунда ўсиш кўрсаткичи 2,9 фоизни ташкил қилди. Йилнинг дастлабки чорагида гўшт ишлаб чиқаришда 3 фоиздан пастроқ ўсиш 2022 йилдан бери кузатилмаганди.

Натижада мамлакат гўштга бўлган талабни қондириш учун қимматроққа тушаётган импортга таянишга тўғри келмоқда.
Гўшт ишлаб чиқариш суръати секинлашиши чорва моллари учун ем нархи ошгани билан изоҳланади. Шу сабаб билан 2026 йилда айнан деҳқон ва томорқа хўжаликларида гўшт етиштириш камайган.
Бозорда нархлар қандай?
Марказий банк маълум қилишича, 2025 йил давомида мол гўшти 23,9 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, қўй гўшти 26,9 фоизга қимматлаган.
Бироқ, гўшт нархи бозорларда 200 минг сўмгача, супермаркетларда эса 259 минг сўмгача қимматлагани маълум бўлганди.
Апрель ойида эса гўшт нархи энг кўп қимматлаган маҳсулотлар қаторидан жой олди. Ой давомида қўй гўшти нархи 3,7 фоизга, мол гўшти 3,2 фоизга қимматлади.
1 май ҳолатига кўра, мол гўштининг йиллик нархи 16,6 фоизга, суяксиз мол гўшти 17,3 фоизга, қўй гўшти эса 20,3 фоизга қимматлаган.
Ички ишлаб чиқаришнинг секинлашуви ва глобал бозордаги нархлар босими Ўзбекистонни тобора қимматроқ импортга боғлаб қўймоқда. Бу эса яқин ойлар ичида гўшт нархларининг барқарорлашишини эмас, балки янада ошишини эҳтимолдан холи қилмайди.
Teglar






