Ипотека кредити учун субсидияларга ариза қабул қилиш бошланди
Субсидия олувчилар кўп бўлганда, дастлаб биринчи ариза берганларга субсидия берилади. Қандай қилиб субсидия олиш ҳақида батафсил:

Бугун, 2026-йил 16-март соат 14:00 дан бошлаб ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун қабул очилди. Vaqt.uz қандай қилиб субсидия олиш ва нималарга эътибор қаратиш ҳақида тушунтиради.
2026-йил давомида аҳолига 2,7 трлн сўмлик субсидия бериш режа қилинган. Бу аввалги йилларда берилган субсидияларга нисбатан кўпроқ.
Субсидия бу давлат томонидан ажратиладиган, қайтарилмайдиган маблағ тури ҳисобланади. Ипотека кредити учун субсидиялар орқали уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал ёки фоиз тўловларининг бир қисми қоплаб берилади.
Субсидия олиш учун қуйидаги усуллар:
— Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш;
— myGov мобил иловаси;
— my.gov.uz порталида, мазкур ҳавола орқали ариза топшириш мумкин.
Кимлар субсидия олиши мумкин? (Асосий мезонлар)
Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган бўлиши шарт. Бунда номзодлар қуйидаги кўринишда баҳоланади:
— Бутун мамлакатда ариза берувчи ёки унинг оиласига тегишли мулк ёки турар-жой бўлмаслиги — 20 балл.
— “Лабор-мигратион” дастурида рўйхатдан ўтган меҳнат мигранти — 10 балл.
— Олис ёки чекка ҳудудларда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи мутахассислар, тиббиёт ходимлари — 5 балл.
— Ёш оилалар, 30 ёшгача бўлган ёшлар — 5 балл.
— Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар (ажрашган, бева ёки ёлғиз оналар) — 5 балл.
— “Тиббий ижтимоий экспертиза” тизимидан рўйхатдан ўтганлар — 5 балл.
Ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги масъул ташкилотларнинг электрон маълумотлар базалари маълумотлари асосида интеграциялашган тизим орқали subsidiya.idm.uz дастурий таъминот тизими томонидан аниқланади ва ижтимоий мезонлар асосида баҳоланади.
Даромад чегараси
Субсидия учун аризага ижобий жавоб олишда даромад чегараси ҳам муҳим ҳисобланади. Бунда ариза берувчи ва унинг яқин қариндошларининг ўртача даромади қуйидаги чегарада бўлиши керак:
— Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда: МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан (3,4 млн сўм) 8 бараваригача (10,1 млн сўм).
— Тошкент шаҳрида: МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан (3,4 млн сўм) 9,2 бараваригача (11,6 млн сўм).
Бундан ташқари, ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги лозим.
Субсидия қандай ҳисобланади?
Ипотека кредити учун субсидия бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш учун — ҳар йил учун қатъий белгиланган миқдорда ажратилади. Бу миқдор ҳозирда 30 млн сўм қилиб белгиланган ва 2026-йил учун оширилмаган.
Бундан ташқари, ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун — кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига ҳам тўлаб берилади.
2025-йил ва ундан кейинги йиллар дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса Марказий банкнинг асосий ставкаси — 14 фоиздан ошган қисмига тўланади.
Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, банкларнинг ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари мутаносиб равишда пасаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.
Ипотека кредити қанча?
Ўзбекистонликларга субсидия асосида ипотека кредити Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 380 млн сўмгача, Тошкент шаҳрида эса 480 млн сўмгача берилади.
Бунда фоиз ставкаси банкларга қараб 16–18 фоиз атрофида бўлади. Бошланғич тўлов ҳам амалга ошириш талаб қилинади.
Субсидия олганлар даромад солиғи тўламайди
Уй-жой учун субсидия берилган фуқароларнинг ипотека кредитлари ва уларнинг фоизлари учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғига тортилмаслиги белгиланган.
Бу имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан (101,7 млн сўмдан) ошмаган қисмига татбиқ этилади.
OneID орқали рухсат бериш керак
Ариза берувчи томонидан ариза топшириш (баҳолаш) даврида OneID тизимида шахсга доир маълумотларни бошқариш панели орқали иштирок этувчи банкларга кредит тарихини баҳолаш мақсадида тегишли маълумотлардан фойдаланиш учун рухсат берилган бўлиши лозим.
Шунингдек, кредит тарихини олишга чеклов вақтинча ўрнатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, ариза берувчининг кредит тарихини ўрганиш имконияти чекланиб, унинг аризаси рад этилишига сабаб бўлади.
Ҳарбий тузилмалар ходимлари бевосита давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда ариза топширишлари мумкин.
Ариза берувчининг кредит тарихи қуйидаги банкларнинг камида биттасининг ички қоидаларига мувофиқ бўлиши керак:
“Agrobank”
“Aloqabank”
“Asakabank”
“Asia Alliance Bank”
“Biznesni rivojlantirish banki”
“Hamkorbank”
“Ipak yoʻli”
“Ipotekabank”
“Mikrokreditbank”
“Orient Finans”
“Trastbank”
“Turonbank”
“Xalq banki”
“Oʻzmilliybank”
“Oʻzsanoatqurilishbank”
Қайси ҳолатларда субсидия берилмайди?
Қуйидаги ҳолларда субсидия ажратиш рад этилади:
— аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
— маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;
— илгари имтиёзли ипотека кредитлари асосида квартира ёки уй-жой ҳамда субсидия олганлар ариза берганида;
— жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;
— ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади юқорида кўрсатилган даромаддан кўп ёки кам бўлганида.
Бошқа асослар билан рад этиш мумкин эмас, ариза рад этилганидан сўнг яна қайта мурожаат қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, субсидиялар сони чекланган. Шунинг учун мурожаатлар кўп бўлса, биринчи ариза берганларга устунлик берилади.





