Logo

«Иш йўқ деймиз, лекин вилоятда 3 минг бангладешлик ишлаяпти». Зойир Мирзаев ишсизлик ва миграция ҳақида

Bugun 14:002 daqiqa

Ҳоким аҳоли иш ҳақини кўпроқ тўлашни талаб қилаётганини айтди. Унинг айтишича, ишлашни хоҳламасдан туриб, кўпроқ шарт қўядиганлар ҳам бор.

«Иш йўқ деймиз, лекин вилоятда 3 минг бангладешлик ишлаяпти». Зойир Мирзаев ишсизлик ва миграция ҳақида

Жорий йилда Тошкент вилоятида 476 мингта иш ўрни яратилган бўлса, унинг қарийб 280 мингтасини бошқа ҳудудлардан келганлар банд қилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Vaqt.uz’га берган интервюсида маълум қилди.

У меҳнат бозоридаги зиддиятли ҳолатлар, пойтахтдан кўчирилаётган корхоналар ва инвестиция масалаларига тўхталар экан, ҳудудда 6200 нафар хорижлик мигрант меҳнат қилаётгани айтди. Вилоят раҳбарининг маълум қилишича, аҳоли орасида ишсизликдан нолиш ҳолатлари кўп кузатилса-да, амалдаги рақамлар бутунлай бошқа манзарани кўрсатмоқда.

«Шу йилнинг ўзида 476 мингта иш ўрни қилган бўлсак, унга кимлар жойлашди? 280 мингга яқин бошқа вилоятдагилар келиб жойлашди. Одамларимиз ишни танлаяпти, иш ҳақини кўпроқ тўлашни талаб қиляпти. Ишлашни хоҳламасдан туриб, кўпроқ шарт қўядиган категория ҳам бор. Биз иш йўқ деймиз, лекин бир нарсани айтаман: ҳозир Тошкент вилоятида 6200 нафар бошқа давлат фуқароси мигрант бўлиб ишлаяпти. Масалан, биргина текстил соҳасининг ўзида 3000 дан зиёд бангладешликлар меҳнат қиляпти. Ҳиндистон, Корея ва Россия фуқаролари ҳам бор», — деди Зойир Мирзаев.

Ҳоким шунингдек, дунёда ишсизлик даражаси 0 фозига тенг бўлган бирорта давлат йўқлигини, бундай давлат борлиги ҳақида билмаслигини ҳам айтиб ўтди.

Мулозимнинг урғулашича, яна бир муҳим молиявий-саноат ўзгариши — Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган, экологияга зарар етказадиган ва чиқинди сувлари хавфли бўлган 86 та саноат корхонасининг вилоятга кўчирилишидир.

«Ушбу корхоналарни Оҳангарон ва вилоятнинг чекка ҳудудларига жойлаштириш бўйича рўйхатимиз бор. Уларнинг ўзи учун алоҳида локал тозалаш иншоотлари қурилади. Биргина шу кўчиш ортидан ҳудудда 27 минг иш ўрни яратилади», — дея таъкидлади ҳоким.

Шунингдек, ҳозирнинг ўзида Юқори Чирчиқ туманининг битта ҳудудида 23 та текстил фабрикаси қурилаётгани ҳам маълум қилинди.

Инвестиция ҳажми салкам 3 баробарга ошди
 
Суҳбат давомида мамлакатга киритилаётган сармоялар ҳажми ҳақида ҳам сўз борди. Ўтган йилнинг мос даврида ҳудудга 1 миллиард атрофида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 2 миллиард 800 миллионни ташкил этмоқда.
 
Тошкент вилоятида хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2900 тага яқинлашган бўлиб, улар 58 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Охирги йилнинг ўзида рўйхатга Эрон ва Филиппин каби яна 11 та янги давлат инвесторлари кириб келган. Шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида Паркент туманининг ўзида яқин ойларда жами 700 ўринли янги меҳмонхоналар ишга туширилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid