Исломий банклар фаолияти учун янги талаблар белгиланмоқда
Ўзбекистон Марказий банк исломий банклар фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистон Марказий банки исломий банк фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайдиган қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Ҳужжат мамлакатда исломий молия хизматларини ривожлантириш ва уларни халқаро стандартлар асосида тартибга солишга қаратилган.
Лойиҳага мувофиқ, исломий банк хизматларини кўрсатиш учун алоҳида лицензия жорий этилади. Бундай фаолиятни йўлга қўйишни истаган банклар Марказий банкдан рухсат олиши, исломий молия кенгашини ташкил этиши, махсус бўлинма ва ички аудит тизимини шакллантириши лозим бўлади.
Ҳужжатда биринчи марта «исломий банк фаолияти» тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда. У банк қонунчилиги ҳамда исломий молия стандартларига мувофиқ амалга ошириладиган молиявий хизматларни қамраб олади.
Қатъий талаблар
Лицензия олиш учун банклар акциядорлар қарори, уч йиллик бизнес-режа, исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати, кенгаш аъзолари ҳақидаги маълумотлар ва исломий операциялар бўйича алоҳида ҳисоб юритиш имкониятини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Шунингдек, банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларда қулай шароитлар яратилганини тасдиқловчи ваколатли орган хулосаси ҳам талаб этилади.
Марказий банк лицензия бериш ҳақидаги қарорни барча ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин икки ой ичида қабул қилади. Лицензия учун давлат божи банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида белгиланмоқда.
Кенгаш аъзолари учун мезонлар
Лойиҳа билан Исломий молия кенгаши институти ҳам расман норматив ҳужжатларга киритилмоқда. Банк раҳбарлари, кузатув кенгаши аъзолари, бош бухгалтер, ички аудит ва комплаенс бўйича масъул шахслар лавозимга киришишидан олдин Марказий банк билан келишилиши талаб этилади.
Исломий молия кенгашининг камида уч нафар аъзоси, жумладан раис ва унинг ўринбосари, ислом ҳуқуқи ёки исломшунослик соҳасида олий маълумотга эга бўлиши шарт. Исломий банк фаолияти учун масъул раҳбар ходим эса молия ёки исломий молия соҳасида олий маълумотга ҳамда ААОИФИ (Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти) томонидан бериладиган халқаро сертификатлардан бирига эга бўлиши лозим.
2027 йил 1 июлдан бошлаб Исломий молия кенгашининг барча аъзолари учун ҳам ААОИФИ сертификати мажбурий бўлади. Шу билан бирга, кенгаш аъзоларининг банк акциядори, кузатув кенгаши ёки бошқарув аъзоси ҳамда банк ходими бўлишига йўл қўйилмайди.
Лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазалар 12 июнгача қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 27 март куни Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганди.





