Исломий молия кенг оммалашмоқда: Ўзбекистонда ундан кимлар фойдаланмоқда?

Kecha 23:002 daqiqa

I чоракда исломий молия хизматларидан фойдаланиш 8 баробарга ўсди. Мамлакатда илк исломий банк 2027-йилда очилиши кутилмоқда.

Исломий молия кенг оммалашмоқда: Ўзбекистонда ундан кимлар фойдаланмоқда?

2026-йилнинг I чорагида микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатилган исломий молиялаштириш хизматлари ҳажми 11,2 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 8 баробарга ошган.

Исломий молиялаштириш хизматлари беш қисмдан иборат бўлиб, муробаҳа, исломий ижара, музораба, салам ва мушорака киради.

2025-йилда муробаҳа мамлакатдаги деярли барча ислом молияси хизматларини ташкил қиларди — 99,9 фоиз. 2026-йил I чорагига келиб музораба (19 фоиз) ва исломий ижара (12 фоиз) ҳам сезиларли оммалашишни бошлади. Муробаҳа улуши эса 69 фоизгача пасайди.

1

I чоракда кўрсатилган 11,2 млрд сўмлик исломий молия хизматлари 4 та микромолия ташкилотига тўғри келди.

«Апекс Молия» микромолия ташкилоти томонидан 7 млрд сўмлик «Муробаҳа» ва 1,4 млрд сўмлик «Исломий ижара» хизматлари кўрсатилди ва у ташкилот бу борада яққол етакчи бўлди.

«Аёл» микромолия ташкилотида эса 2,2 млрд сўмлик «Музораба», «Энтерпрайс Финанс» ММТда 670 млн сўмлик ҳамда «Бизнесни ривожлантириш» ташкилотида 9 млн сўмлик «Муробаҳа» шартномаси доирасида исломий молия хизматлари кўрсатилган.

2

2025-йил I чоракда етакчи бўлган «Водий тараққиёт» ва «Ансор» микромолия ташкилотлари жорий йилда исломий молиялаштириш хизматларини амалга оширмади.

Ислом молиясидан кимлар фойдаланмоқда?

Исломий молия хизматларига ҳамон юридик шахслар энг кўп мурожаат қилмоқда. Кўрсатилган хизматларнинг қарийб ярми уларга тўғри келади — 5,2 млрд сўм.

3

Якка тартибдаги тадбиркорлар 3,1 млрд сўмлик исломий молиядан фойдаланган бўлса, жисмоний шахсларда бу кўрсаткич 2,9 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Яқин йилларда исломий банклар ўз фаолиятини йўлга қўйса, жисмоний шахслар томонидан исломий молия хизматларидан фойдаланиш кўпайиши кутилмоқда.

Исломий молиянинг деярли барчаси Тошкентда

Ҳудудлар кесимида 2026-йилнинг январь–март ойларида жами кўрсатилган исломий молиялаштиришга оид хизматлар Тошкент ва Наманган вилоятларида фаолият юритаётган микромолия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келди.

4

Бунда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 3 та микромолия ташкилоти томонидан жами 10,6 млрд сўмлик ёки умумий исломий молия хизматларининг 94 фоизи амалга оширилди.

Қолган 6 фоизи Наманган вилоятида ташкил этилган «Энтерпрайс Финанс» микромолия ташкилотига тўғри келди.

Маълумот учун, 2026-йилнинг 27 март куни Ўзбекистонда исломий банклар фаолиятини йўлга қўйишга оид қонун қабул қилинганди.

Аввалроқ эса исломий банклардаги омонатлар давлат томонидан кафолатланмаслиги маълум қилинди.

Марказий банк бугун, 2 июнь куни, исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларни лицензиялаш тартиб-таомилларини белгилаб берувчи қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Қонунчилик ишлаб чиқиладиган бўлса, келаси йил Ўзбекистонда биринчи исломий банк очилиши кутилмоқда.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 182

Barchasi

Mavzuga oid