Logo

Иссиқ кунларда Ўзбекистонда электр истеъмоли суткасига 280 млн KWhга етиши мумкин

Bugun 12:502 daqiqa

Энергетика вазирлиги прогнозига кўра, иссиқ кунларда республика бўйича суткалик электр истеъмоли 280 млн KWhга, максимал юклама эса 13–13,3 GWhгача ошиши мумкин.

Иссиқ кунларда Ўзбекистонда электр истеъмоли суткасига 280 млн KWhга етиши мумкин © Energetika vazirligi

Энергетика вазирлигида Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби навбатдаги йиғилишини ўтказди. Унда ёзги мавсумда энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш, истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш ҳамда соҳада назоратни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, «Ўзенергоинспекция», маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа масъул идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Муҳокамалар давомида ҳаво ҳарорати юқори бўладиган кунларда электр энергиясига талаб кескин ортиши қайд этилди. Прогнозларга кўра, республика бўйича суткалик электр энергияси истеъмоли 280 млн кВт·соатга, максимал юклама эса 13–13,3 GWhгача етиши мумкин.

Шу муносабат билан барча тизим корхоналарига электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли фаолиятини таъминлаш, аварияларнинг олдини олиш, профилактик назоратни кучайтириш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш ҳамда режали таъмирлаш ишларини жадаллаштириш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди.

Энергетика объектларида кучайтирилган назорат рейдлари ўтказилади

Йиғилишда Тошкент шаҳридаги айрим подстанцияларда юз берган носозликлар ва улар оқибатидаги авариявий электр узилишлари ҳам танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар учун масъулларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланиб, айрим раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, аномал иссиқ шароитида бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини саноат ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш топширилди. Ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда ёнғин ва портлаш хавфини камайтириш мақсадида суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш белгиланди.

Ушбу талаблар ижросини таъминлаш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Бош прокуратура, «Ўзенергоинспекция» ва Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан ҳамкорликда энергетика объектлари ҳамда ёқилғи инфратузилмасида кучайтирилган назорат рейдлари ўтказилади.

Мурожаатлар билан ишлаш ва навбатчилик

Йиғилишда аввал берилган топшириқларнинг ижроси ҳам танқидий баҳоланди. Масъулларга аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, авариявий ҳолатлар ҳақида фуқароларни ўз вақтида хабардор қилиш ва ҳудудларда навбатчилик тизимини янада кучайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, соҳада коррупцияга қарши курашиш, ижро ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун судланган ходимлар билан меҳнат муносабатлари бекор қилинаётгани қайд этилиб, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз ёндашув қатъий давом эттирилиши таъкидланди.

Йиғилиш якунида барча тизим раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Келгуси йиғилишларда, аввало, берилган топшириқлар ижроси, ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат ва раҳбарларнинг шахсий масъулияти асосий баҳолаш мезони бўлиши билдирилди.

Teglar

Mavzuga oid