Жаҳон банки Марказий Осиё энергетик интеграцияси учун 1 миллиард доллар ажратади

Bugun 12:422 daqiqa

Дастур доирасида 9 гигаваттгача «яшил» энергия ягона минтақавий тизимга интеграция қилиниши кутилмоқда.

Жаҳон банки Марказий Осиё энергетик интеграцияси учун 1 миллиард доллар ажратади © asia+

Жаҳон банки ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда Марказий Осиё энергетик тизимларини интеграция қилишни ривожлантириш учун тахминан 1 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда Остонада ўтган экологик саммит доирасида Жаҳон банкининг минтақадаги вакили Дмитрий Петрин маълум қилди.

Маълум қилинишича, мазкур маблағлар REMIT (электр энергияси бозорини интеграция қилиш ва савдоси) минтақавий дастури доирасида йўналтирилади. Дастурнинг мақсади энергетик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва чегаралараро электр энергияси узатишни кенгайтиришдан иборат. Масъуллар таъкидлашича, қўшимча инвестициялар жалб этилса, умумий молиялаштириш ҳажми 2 миллиард долларгача етиши мумкин.

Йиллик савдо 15 гигаватт-соатгача ошади

Режага кўра, дастур доирасида минтақада электр энергияси савдоси ҳажми йиллик 9 гигаватт-соатдан 15 гигаватт-соатгача ошади. Лойиҳанинг биринчи босқичи Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни қамраб олади, келгусида эса бошқа давлатларни ҳам улаш кўзда тутилган.

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу дастур амалга оширилиши электр энергиясини узатиш имкониятларини уч бараварга оширади ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари – қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш учун қулай шароит яратади. Кутилмоқдаки, 9 гигаваттгача «яшил» энергия ягона минтақавий тизимга интеграция қилинади.

15 миллиарддан 25 миллиард долларгача даромад

Жаҳон банки вакили сўзларига кўра, электр энергияси савдосини ривожлантириш минтақадаги иқтисодиётга камида 15 миллиард доллар фойда келтириши мумкин. Шу билан бирга, сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни яхшилаш ҳар йили 4,5 миллиард долларгача даромад келтириши эҳтимол қилинмоқда.

Бироқ асосий муаммо сифатида давлатлар ўртасидаги мувофиқлаштиришнинг етарли эмаслиги ва сифатли маълумотлар танқислиги қайд этилмоқда. Шу боис минтақавий тузилмаларни кучайтириш ва ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш дастурни илгари суришда муҳим шарт сифатида қаралмоқда.

Экспертлар фикрича, 2050-йилга бориб энергетик интеграция минтақадаги иқтисодиётга 15 миллиарддан 25 миллиард долларгача даромад келтириши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid