Жазирама чекинмоқда: Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасаяди
21-июлдан бошлаб ҳаво ҳарорати кечаси +20...+25 даражагача, кундузи +32...+37 даражагача, баъзи жойларда эса +30 даражагача тушиши кутилмоқда. Республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир ва кучли шамол ҳам кузатилиши мумкин.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзгидромет 20-24-июл кунлари Ўзбекистонда кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон аҳолиси ниҳоятда иссиқ об-ҳаво шароитини бошдан кечирди. Ҳаво ҳарорати энг юқори кўрсаткичи +43...+45 даража, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +46...+49 даражагача кўтарилди.
Кеча кундуз куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасая бошлади. Бугун чўл ҳудудларида, эртага эса республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратининг пасайиши кузатилади.
20-24-июл кунлари Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлиши кутилмоқда, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 21-июлда Қорақалпоғистон Республикасида ва 22-июлда Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Тоғли ҳудудларда айрим жойларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Бугун кундузи ҳаво ҳарорати +40...+43 даража бўлади, жанубда баъзи жойларда +45...+47 даражагача, шимолда +34...+39 даража бўлади.
Эртадан бошлаб иш ҳафтасининг охиригача ҳаво ҳарорати кечаси +20...+25 даражагача, кундузи +32...+37 даражагача, баъзи жойларда +30 даражагача пасаяди.
20-22-июл кунлари республиканинг баъзи жойларида шамол тезлиги секундига 13-18 метргача кучаяди, айрим жойларда 20-22 метргача кучайиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Бугун кундузги ҳаво ҳарорати +41...+43 даража, эртага кечаси +25...+27 даража, кундузи +36...+38 даража бўлади, 22-24-июл кунлари кечаси +20...+23 даражагача, кундузи +31...+34 даражагача пасаяди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 3-8 метр тезликда эсади, вақти-вақти билан 12-15 метргача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.





