Жазирамадан қандай сақланиш керак?
13–19-июл кунлари Ўзбекистонда кутиладиган аномал иссиқ кутилаётгани сабаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига жазирамадан сақланиш бўйича муҳим тавсиялар берди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда яқин кунларда ҳаво ҳарорати +43 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса +46 даражагача исиши кутилмоқда. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига жазирамадан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берди.
Иссиқ кунларда инсон организми қизиши, сувсизланиши, қон босими ўзгариши, юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама тушиши, иссиқ уриши ҳолатлари юзага келиши мумкин.
Кимлар жазирамадан эҳтиёт бўлиши керак?
Хусусан, 65 ёшдан ошган кексалар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир, қандли диабет, буйрак, нафас йўллари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар, юқори қон босими ёки юрак дориларини, «сув ҳайдовчи», аллергияга қарши ёки психотроп препаратларини қабул қилувчилар иссиқлик таъсирига нисбатан, айниқса, заиф ҳисобланади.
Бу инсонларда чанқоқлик ҳисси кеч пайдо бўлиши, тана ҳароратини назорат қилиш қобилияти пасайиши ёки сурункали касалликлар зўрайиши мумкин. Шунинг учун уларнинг ҳолатидан мунтазам хабар олиб туриш лозим. Иссиқда организм терлаш орқали кўп миқдорда суюқлик ва минерал моддаларни йўқотади.
Тез-тез сув ичиб туриш керак
Чанқоқни кутмасдан, кун давомида оз-оздан ва тез-тез сув ичиш зарур. Катта ёшли соғлом инсонлар учун одатда кунига 2–3 литр атрофида суюқлик ичиш тавсия этилади. Юрак, буйрак касалликлари ёки шишга мойиллиги бор беморлар эса суюқлик миқдорини шифокор тавсиясига кўра белгилаши керак.
Ҳаво ўтказувчан кийимлар кийиш керак
Енгил, кенг, ҳаво ўтказувчан ва оч рангли кийимлар кийиш тавсия этилади. Пахта ва зиғир каби табиий матолар тананинг нафас олишига ёрдам беради ва тернинг буғланишини енгиллаштиради. Кўчага чиққанда кенг қиррали бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ва зарур ҳолларда офтобдан ҳимояловчи кремдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Нималар емаслик керак?
Оғир, ёғли, қовурилган, аччиқ ва ҳазм бўлиши қийин овқатлар организмга ортиқча юклама беради. Шунинг учун сабзавотли салатлар, енгил шўрвалар, қатиқ, айрон, творог, тухум, товуқ ёки балиқ гўшти, мевалар истеъмол қилиш тавсия этилади. Кун давомида 5-6 марта оз-оздан овқатланиш мақсадга мувофиқ.
Қуёш нури остида юрманг
Тахминан соат 11:00 дан 17:00 гача очиқ қуёш остида юришни чеклаш керак. Зарур ишларни эрталаб ёки кечки салқин вақтларга қолдириш мақсадга мувофиқ.
Агар кўчага чиқиш зарур бўлса, соя йўлаклардан юриш, бош кийим кийиш, ёнингизда сув олиб юриш ва ҳар 15–20 дақиқада оз-оздан сув ичиш тавсия этилади.
Ҳеч қачон болаларни, кексаларни ёки ҳайвонларни автомобиль ичида ёлғиз қолдирманг. Қуёш остида турган автомобиль ичида ҳарорат бир неча дақиқада ҳаёт учун хавфли даражагача кўтарилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги аномал иссиқ сабаб боғчалар маълум муддат ёпилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.





