Жиззахда ҳоким иштирокидаги ЙТҲ бўйича жиноят иши очилди
Ҳокимлик рулда ҳокимнинг ўғли бўлмагани, воқеа юк машинаси ҳайдовчисининг қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган туман мулозими ва унинг ўғли ўтирган хизмат автомашинасининг ҳаракат йўлига чиқиб кетгани туфайли юз берганини ёзди.

Аввалроқ Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов ва унинг вояга етмаган ўғли KIA Seltos хизмат автомобилида йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида ёзган эдик. Ушбу ЙТҲ туфайли жиноят иши очилди. Бу ҳақда Зафаробод тумани ҳокимлиги хабар берди.
Ҳокимликнинг ёзишича, машинани Эшпўлатовнинг ўзи бошқарган, ёнида эса вояга етмаган ўғли Ш. Эшпўлатов бўлган. Улар Зафаробод туманининг Нурафшон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 25V-037 автомобил йўлининг 7-километрига етганида автоҳалокатга учраган.
Ҳокимлик аварияга ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи Б. М. нинг MAZ русумли юк автомашинасини Зафаробод йўналишида бошқариб бораётиб, чап томонга бурилиш вақтида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган ҳоким ва унинг ўғли ўтирган KIA Seltos хизмат машинасининг ҳаракат йўлига чиқиб кетганини урғулаган. Тўқнашув оқибатида мулозим ва унинг ўғли турли даражадаги тан жароҳатлари билан Республика шошилинч ёрдам илмий марказининг Жиззах шаҳридаги филиалига ётқизилган. Юк машинасининг ҳайдочиси эса тан жароҳати олмаган.
Ҳолат юзасидан Зафаробод туман прокуратураси томонидан шу куннинг ўзидаёқ Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





