Картадан картага пул ўтказиш: дунёда қандай ишлайди?
Дунё давлатларида картадан картага пул ўтказиш тизими бир хил эмас: айрим жойларда 16 хонали рақам кифоя бўлса, бошқасида IBAN ва алоҳида ҳисоб рақами талаб этилади. Vaqt.uz Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Малайзия, Жанубий Корея ва Россия тажрибасини ўрганди.

Дунёнинг турли давлатларида картадан картага пул ўтказиш тартиби (P2P) кескин фарқ қилади. Айрим мамлакатларда максимал соддалик танланган бўлса, бошқасида хавфсизлик ва назорат сабабли бир неча босқичли тизим жорий этилган. Қуйида бир нечта давлат мисолида P2P амалиёти кўриб чиқилади.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда P2P ўтказмалар содда модел асосида ишлайди. Фойдаланувчи 16 хонали карта рақамини ёки телефон рақамини киритади, тизим автоматик равишда карта эгасининг исм-фамилиясини чиқаради. Шундан сўнг суммани киритиш ва ўтказмани тасдиқлаш кифоя.
Шунингдек, 21 январ куни мобил иловалар орқали P2P ўтказмалар учун янги қоидалар эълон қилинди. Унга кўра, мобил иловада рўйхатдан ўтган фойдаланувчи ўз аккаунтига фақат ўзига ёки яқин қариндошларига тегишли бўлган банк ҳисобварағи, банк картаси ва электрон ҳамёнларни бириктириши мумкин бўлади. Ушбу қоида эълон қилинганидан 3 ой ўтиб кучга киради.
Яқин қариндошлар қаторига ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ҳамда опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар (жумладан фарзандликка олинганлар), бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси ва туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари киради.
Қозоғистон
Қозоғистонда банк ўтказмалари энг универсал усул ҳисобланади. Пулни мобил илова ёки интернет-банкинг орқали, шунингдек банкомат ва банк кассаси орқали ўтказиш мумкин.
Мобил иловада ўтказма қилиш учун одатда 16 хонали карта рақами ва сумма киритилади. Кўплаб банклар банк ичида телефон рақами орқали пул ўтказиш имконини беради. Айрим молиявий институтлар бошқа банк мижозларига ҳам телефон рақами орқали маблағ юбориш имкониятини яратган. Бунинг учун банк тезкор тўловлар тизимига уланган бўлиши керак. Бундай ўтказмалар одатда бир неча сонияда амалга ошади.
Банкомат орқали ўтказмада жўнатувчида кўпинча карта бўлиши талаб этилади. Қабул қилувчининг ҳисоб рақами, карта рақами ёки телефон рақами керак бўлади. Айрим банклар банкомат орқали фақат ўз мижозларига пул ўтказишга рухсат беради. Баъзи ҳолларда эса жўнатувчида карта бўлмаса ҳам, агар қабул қилувчининг шу банкда ҳисоб рақами мавжуд бўлса, ўтказма амалга оширилиши мумкин.
Туркия
Туркияда банклараро ўтказмаларда 26 хонали IBAN рақамини киритиш талаб этилади. Қабул қилувчининг исм-фамилиясини ҳам аниқ кўрсатиш зарур. Шунингдек, айрим ҳолларда 16 хонали карта рақами орқали ҳам пул ўтказиш мумкин.
Кўплаб банкларда P2P ўтказмалар комиссиясиз амалга оширилади. Банкомат орқали маълум лимитгача (айрим банкларда кунига тахминан 1100 доллар атрофида) нақд пул ечиш бепул. Банк филиалига мурожаат қилинганда катта суммалар ҳам фоизсиз берилади.
Малайзия
Малайзияда ўтказмалар янада соддалаштирилган. Кўплаб ҳолларда мобил рақам ёки бошқа идентификаторни киритиш кифоя, тизим қолган маълумотларни автоматик аниқлайди. Онлайн тўловлар тезкор ва аксарият ҳолларда комиссиясиз.
Банкомат орқали кунига тахминан 2500 доллар эквивалентигача нақд пул ечиш мумкин. Агар банкнинг ўзига мурожаат қилинса, йирик суммалар ҳам қўшимча харажатсиз берилади.
Жанубий Корея
Жанубий Кореяда тизим Ўзбекистондагидан анча фарқ қилади. Бу ерда P2P ўтказмалар картанинг устидаги 16 хонали рақам орқали эмас, балки банк томонидан берилган алоҳида ҳисоб рақами орқали амалга оширилади. Ўтказма қилишда дастлаб банк танланади, кейин ўша банк берган ҳисоб рақами киритилади. Картанинг устидаги рақам орқали оддий P2P ўтказма амалга ошириб бўлмайди.
Карта рақами асосан онлайн шоппинг учун ишлатилади. Интернет орқали харид қилинганда картанинг устидаги 16 хонали рақам ва орқа томонидаги уч хонали хавфсизлик коди киритилади. Яъни, кундалик пул ўтказмаларда ҳисоб рақами, онлайн савдода эса карта реквизитлари ишлатилади.
Карта PIN-коди ҳам мавжуд, бироқ у доимий равишда ишлатилмайди. Асосан банкоматдан пул ечишда ёки банк ичидаги айрим операцияларда сўралади. Дўкон тўловларида PIN-код ҳар доим ҳам талаб қилинмайди. Айрим фойдаланувчилар коддан кам фойдалангани сабабли уни унутиб қўйиши ҳам мумкин.
Россия
Россияда P2P тизими максимал соддалаштирилган. Маблағ юбориш учун банкка уланган телефон рақамини киритиш кифоя. Тизим фойдаланувчининг қайси банкларда картаси мавжудлигини кўрсатади ва керакли ҳисоб танланади.
Шу сабабли карта рақами ёки ҳисоб реквизитларини эслаб қолиш шарт эмас. Ўтказмалар бир неча сония ичида амалга оширилади ва тизим кенг оммалашган.
Кўриниб турибдики, дунёда P2P ўтказмалар бўйича ягона модел мавжуд эмас. Баъзи давлатлар фойдаланувчига максимал қулайлик беришни танлаган — телефон рақами ёки оддий карта реквизити кифоя. Бошқалар эса ҳисоб рақами, IBAN ва қўшимча идентификация орқали хавфсизликни устувор қўяди.
Teglar






