Келаси жазирамагача Тошкентдаги кондиционерсиз автобуслардан тўлиқ воз кечилади
Тошкентда қатнов қилаётган 1700 дан ортиқ автобуснинг 191 тасида кондиционер умуман мавжуд эмас. Транспорт бошқармаси келаси йил ёзигача барча кондиционерсиз автобуслар йўналишдан чиқарилишини маълум қилди.
© Foto: t.me/codd_tashkentҲозирги кунда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти йўналишларида 1700 дан ортиқ автобус ҳаракатланмоқда. Уларнинг 191 тасида кондиционер умуман мавжуд эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов Газетаъга маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур автобуслар 2012–2013 йилларда ишлаб чиқарилган эски дизель автобуслари ҳисобланади.
«Президент топшириқлари ва белгиланган мақсадларга мувофиқ, жорий йилда эски дизель автобусларнинг 50 фоизидан воз кечишимиз керак. Келаси йил ёзигача кондиционерсиз автобуслар умуман қолмайди. Чунки брутто шартлари асосида автобусларда совитиш ва иситиш тизимлари бўлиши мажбурий этиб белгиланмоқда ва бу тендер шартларига киритиляпти», — деди у.
Нега айрим автобусларда кондиционер ишламайди?
Миракбар Икромовнинг айтишича, кондиционер ўрнатилган айрим автобусларда ҳам унинг ишлатилмаслигига бир нечта омил сабаб бўлади.
Унга кўра, баъзи йўловчилар автобус ичи жуда совиб кетганидан шикоят қилиб, кондиционерни ўчиришни сўрайди. Бошқалар эса аксинча, деразаларни ёпиб, совитиш тизимини ишлатишни талаб қилади. Шу боис барчага маъқул келадиган ҳароратни таъминлаш осон эмас.
Айрим ҳолатларда кондиционерларнинг ишламаслиги техник носозлик билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Ишламайдиган автобуслар рейсдан олинади
Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳузурида рейслар сифати ва мониторинги билан шуғулланувчи давлат муассасаси фаолият юритади. Унда 50 нафар инспектор ишлайди.
Инспекторлар йўналишларда кондиционери ишламаётган автобусларни аниқлаб, рейс сифатини баҳолайди. Зарур ҳолларда автобус гаражга қайтарилади ва носозлик бартараф этилганидан кейингина яна йўналишга чиқарилади.
528 та автобус электр қувватида ҳаракатланади
Миракбар Икромовнинг таъкидлашича, автобуслар кунлик рейслар учун етарли миқдорда ёқилғи билан таъминланади. Ёқилғи сарфи нафақат об-ҳавога, балки ҳайдовчининг бошқарув услубига ҳам боғлиқ.
Айни пайтда пойтахтдаги 300–400 та автобус дизель ёқилғисида, қолганлари табиий газда ҳаракатланади. Шунингдек, 528 та автобус электр қувватида хизмат кўрсатмоқда.
Барча автобуслар ҳам кондиционер билан жиҳозланмаган
Аввалроқ «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти ҳам ижтимоий тармоқларда автобуслардаги совитиш тизими бўйича тарқалган мурожаатларга муносабат билдирган эди.
Компания маълумотига кўра, Тошкентдаги барча автобуслар кондиционер билан жиҳозланмаган. Хусусан, 102 та «Mercedes-Benz» автобусининг барчаси, 272 та «MAN» автобусининг 100 таси ҳамда 201 та «SAZ LE-60» автобусининг 88 тасида совитиш тизими ишлаб чиқарувчи завод томонидан ўрнатилмаган.





