Ким Чен Ин 13 ёшли қизини КХДР ядровий кучлари куратори этиб тайинлади

25.02.2026 | 21:401 daqiqa

У генералларга буйруқ беришни бошлаган.

Ким Чен Ин 13 ёшли қизини КХДР ядровий кучлари куратори этиб тайинлади

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўзининг 13 ёшли қизи Ким Жу Эга мамлакат ядровий кучларини назорат қилишни топширди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб «The Chosun Daily» газетаси хабар бермоқда.

Разведка маълумотларига кўра, Ким Жу Э КХДР «ракета дастури бош директори» лавозимини эгаллаб турибди. Ушбу ролда у феврал ойида бўлиб ўтган Корея Меҳнат партияси қурултойида иштирок этди. Таъкидланишича, КХДР раҳбарининг 13 ёшли қизи генераллардан ҳисоботлар қабул қилади ва уларга кўрсатмалар беради.

The Chosun Daily нашрининг қўшимча қилишича, Ким Жу Э отаси билан мунтазам равишда омма олдида кўриниш бермоқда, жумладан, полигонларга ташриф буюрмоқда ва синовларни кузатмоқда. Нашрнинг Жанубий Корея махсус хизматларидаги манбалари уни Ким Чен Иннинг вориси сифатида тайёрлашаётганини тахмин қилмоқда. Хусусан, разведка аллақачон КХДР раҳбари қизининг айрим сиёсий масалалар бўйича ўз фикрини билдирган ҳолатларини қайд этган.

Шимолий Корея ҳукумати Ким Чен Ин оиласи ҳақида жуда кам маълумот тарқатади. Унинг яна икки нафар ўғли, жумладан Ким Жу Энинг катта акаси — 2010 йилда туғилган Ким Чен Жу бор деб ҳисобланади.

Аввалроқ, Ким Чен Ин 13 ёшли қизини ҳокимият вориси этиб тайинламоқчи экани ҳақида хабар берган эдик. 24 феврал куни эса синглиси Ким Ё Жонг ҳукмрон Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг бўлим мудири лавозимига тайинланди.

Teglar

Mavzuga oid