Logo

Кўп қаватли уйнинг таянч конструкцияларига шикаст етказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади — Қурилиш инспекцияси

Bugun 14:251 daqiqa

Инспекция Инспекция хонадонни кенгайтириш мақсадида кўп қаватли уйларда таянч деворларни бузиш ва темир-бетон плиталарни тешиш бинонинг сейсмик барқарорлигига хавф туғдиришини эслатди.

Кўп қаватли уйнинг таянч конструкцияларига шикаст етказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади — Қурилиш инспекцияси © vaqt.uz

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси фуқароларни кўп қаватли уйлардаги юк кўтарувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан ўзгартиш киритмасликка чақирди.

Инспекция маълум қилишича, айрим мулкдорлар хонадон майдонини кенгайтириш мақсадида таянч деворларни бузиш ёки темир-бетон плиталарни тешиб, ертўлага чиқиш йўлларини очиш ҳолатларига йўл қўймоқда.

Мутахассислар бундай ҳаракатлар бинонинг юк кўтарувчи конструкцияларига жиддий зарар етказиши, унинг сейсмик барқарорлигини пасайтириши ҳамда бошқа аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиришини таъкидлади.

Қандай жазо белгиланган?

Қонунчиликка кўра, бундай қоидабузарликлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси асосида жисмоний шахсларга БҲМнинг 50 баравари — 20,6 млн сўм, мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 100 баравари — 41,2 млн сўм миқдорида жарима солинади.

Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрорланса, Жиноят кодексининг 229³-моддасига мувофиқ 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2–3-йилгача озодликни чеклаш ёки 2–3-йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Назорат кучайтирилди

Инспекция бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари кучайтирилганини маълум қилди. Фуқаролар аниқланган қоидабузарликлар ҳақида инспекциянинг колл-маркази орқали хабар бериши сўралди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилаётган меҳмонхона ҳудудидаги котлованнинг бир қисми қулаб тушганлиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid