Logo

«Korzinka»нинг Хоразмга бормаслик сабаби, «Perfectum»га тикилаётган 200 млн доллар ва тақиқланмаган кўчмас мулк «рассрочка»си — 19 август дайжести

Kecha 23:033 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Korzinka»нинг Хоразмга бормаслик сабаби, «Perfectum»га тикилаётган 200 млн доллар ва тақиқланмаган кўчмас мулк «рассрочка»си — 19 август дайжести

Нега Хоразм ва Қорақалпоғистонда Korzinka йўқ?

«Korzinka» асосчиси Зафар Ҳошимов тармоқнинг Хоразм ва Қорақалпоғистонга ҳали кирмаганини асосан масофа ва юқори логистика харажатлари билан изоҳлади. Компания 2018 йилда Нукусда супермаркет очишни кўриб чиққан, аммо ҳисоб-китоблар дўкон фойдасининг катта қисми ташиш харажатларига кетишини кўрсатган.

Ҳошимовга кўра, «Korzinka» Бухоро ва Самарқандда фаолиятини кенгайтирмоқда. Ушбу ҳудудларда савдо ҳажми етарли даражага етса, алоҳида тақсимлаш маркази ташкил қилиниши мумкин. Бу эса келажакда тармоқнинг Хоразм ва Қорақалпоғистонга киришини осонлаштиради.

Қисқа муддатли ижара бизнес учун таҳликага айланмоқда — Зафар Ҳошимов

«Korzinka» асосчиси Зафар Ҳошимов тижорат бинолари ижараси учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этишни таклиф қилди. Унинг айтишича, тадбиркорлар ижарага олинган жойга сармоя киритиб, уни таъмирлайди ва мижозлар базасини шакллантиради. Аммо қисқа муддатли шартномалар, ижара ҳақининг кескин оширилиши ёки шартноманинг бекор қилиниши бу инвестицияларни хавф остида қолдирмоқда.

Ҳошимов, шунингдек, ижара тўловларининг бир қисми расмий, бир қисми эса «конверт» орқали тўланишини танқид қилди. Президент Шавкат Мирзиёев мутасадди идораларга икки ой ичида тижорат ва кўчмас мулк ижараси муносабатларини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлашни топширди.

«Beeline Uzbekistan» эгаси «Perfectum» лойиҳасига 200 млн доллар киритиши мумкин

Ўзбекистонлик тадбиркор ва «Perfectum» инвесторларидан бири Фарҳод Мамажонов телекоммуникация лойиҳасига 200 миллион доллар инвестиция жалб қилиш бўйича «VEON» («Beeline Uzbekistan» эгаси) халқаро холдинги билан келишувга эришди. Дастлаб бу лойиҳага Британиянинг «Vodafone» компаниясини жалб қилиш режалаштирилган эди, бироқ кейинчалик режа ўзгариб, Нидерландиянинг «VEON» компанияси танланган. Яқиндагина «Perfectum» мобиль операторининг 50 фоиз улушини сотиб олган тадбиркорнинг таъкидлашича, томонлар июнь ойидаёқ барча асосий келишувларга эришган ва битим имзолашга тайёр.

Ушбу битимни тўлиқ якунлаш учун Рақобатни ривожлантириш қўмитасининг иқтисодий концентрация бўйича хулосаси олиниши керак. Хоразм вилоятида президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган тадбиркорлар учрашувида ушбу масала кўтарилгач, давлат раҳбари уни шахсан ўз назоратига олишини маълум қилди. Қўмита раисининг таъкидлашича, ҳозирда мобиль алоқа бозори ўрганилмоқда ва агар қўшимча тўсиқлар юзага келмаса, тегишли хулоса Тадбиркорлар кунигача берилиши кутилмоқда.

Уйларни «рассрочка»га сотиб олиш тақиқланмайди — Адлия вазирлиги

Президентнинг янги қарорига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб муддатли тўлов хизматлари операторлари орқали кўчмас мулкни бўлиб-бўлиб тўлаш асосида харид қилиш чекланади. Ушбу ўзгариш ижтимоий тармоқларда «уйларни энди «рассрочка»га олиб бўлмайди» деган тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Адлия вазирлиги бу хабарларни рад этиб, мазкур чеклов фақатгина воситачи бўлган операторларга тааллуқли эканини маълум қилди.

Вазирликнинг тушунтиришича, янги талаблар фуқароларнинг уй-жойни бевосита қурувчи компанияларнинг ўзидан муддатли тўловга сотиб олиш ҳуқуқини бекор қилмайди. Қурувчилар ўзлари барпо этган кўчмас мулкни харидорга тўғридан-тўғри «рассрочка» шарти билан сотишда давом этишлари мумкин, чунки сотувчи ва харидор ўртасидаги бундай тўғридан-тўғри савдолар янги чекловлардан мустасно қилинган.

Сирдарёда айрим шаҳар ва туманларнинг чегаралари ўзгартирилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Сирдарё вилоятидаги қатор шаҳар ва туманларнинг чегараларини ўзгартириш бўйича қарор лойиҳаси маъқулланди. Унга кўра, Гулистон туманидан 527,23 гектар ҳамда Боёвут туманидан 582 гектар ер майдони Гулистон шаҳри таркибига, шунингдек, Боёвут туманидан 638,77 гектар ер майдони Ширин шаҳри таркибига ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Бундан асосий мақсад — аҳоли энг зич жойлашган мазкур шаҳарларда зичликни камайтириш, транспорт қатновини яхшилаш ва янги саноат лойиҳалари орқали инвестицияларни жалб қилишдир.

Ушбу ўзгаришлар доирасида ўз туман марказларидан узоқда, бироқ шаҳарларга туташ бўлган Боёвут туманидаги «Қарапчи» ва «Янги авлод», Гулистон туманидаги «Мевазор» ва «Ишонч» маҳаллалари Гулистон шаҳрига, Боёвутдаги «Ширин» маҳалласи эса Ширин шаҳри таркибига киритилади. Вилоят ҳокимлиги масъулларининг таъкидлашича, янги ўтказилаётган жами 1748 гектар ер майдонининг тоифаси ва белгиланган мақсади ўзгармайди, бунда қишлоқ хўжалиги ерларини асраш ва экологик мувозанатни сақлашга қатъий риоя қилинади.

Teglar

Mavzuga oid