Кредит ва омонат фоизлари 4 йиллик минимумга тушди. Нима учун?

Bugun 17:172 daqiqa

Март ойида жисмоний шахсларнинг кредит ва депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 2022 йилдан бери энг паст кўрсаткични қайд этди. Нега бундай бўлаётгани ва кутилмалар ҳақида Vaqt.uz'да ўқинг.

Кредит ва омонат фоизлари 4 йиллик минимумга тушди. Нима учун?

Ўзбекистон банкларида март ойида жисмоний шахслар учун ажратилган кредитлар ва уларнинг омонатлари бўйича ўртача фоиз ставкаси бир неча йиллик энг паст даражада бўлди. 

Аҳоли учун ажратилган кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси март ойида 21,9 фоизни ташкил қилди. Бу 4 йиллик — 2022 йил март ойидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. 

1

Ўшанда Россия ва Украина ўртасида бошланган уруш таъсири натижасида Марказий банк асосий ставкани 14 фоиздан дарҳол 17 фоизга оширганди. Бу эса кредит фоиз ставкаларининг ҳам ошишига олиб келган. 

Орадан 4 йил ўтиб кредит фоиз ставкалари урушдан аввалги даврга қайтмоқда. Айни пайтда ҳам Марказий банк асосий ставкаси 14 фоизни ташкил қилади. 

Шу билан биргаликда, Ўзбекистонда микроқарзлар ва автокредитлар бўйича ҳам фоиз ставкаси пасайиб бормоқда. 

4 май ҳолатига кўра, автокредитларнинг ўртача фоизи 22,3 фоизгача пасайиб, маълумотлар эълон қилиш бошлангандан бери энг паст даражага тушганди. Микроқарзлар билан эса бу ҳолат 27 апрель ҳолати бўйича кузатилди — 28,7 фоиз. 

Омонатлар ҳам пасаймоқда

Март ойида аҳолининг муддатли омонатлари учун ўртача фоиз ставкаси 20,5 фоизни ташкил қилди. Охирги марта бундан паст фоиз ставкалари 2022 йил декабрь ойида кузатилганди — 20,2 фоиз. 

2

Омонатларнинг пасайишига Марказий банк томонидан ўрнатилган чегара ҳам таъсир қилди. 2025 йил бошида аҳоли омонатларининг максимал фоиз ставкаси дастлаб 27 фоиздан 26 фоизга, кейинчалик 23 фоизгача туширилганди. 

Ўша пайтда манбалар омонатлар учун фоиз ставкаси пасайтирилиши Марказий банк томонидан берилган “кўрсатма” эканини таъкидлаганди. 

Шунга қарамай, инфляция пасайиши ортидан инфляцион кутилмаларнинг камайиши ҳисобига омонатларнинг реал фоиз ставкаси март ойига келиб рекорд даражада юқори бўлиб турибди — 8,5 фоиз. 

Банк кредитлари бўйича реал фоиз ставкаси эса 8,8 фоизни ташкил қилган. Бунда тижорат кредитлари бўйича реал фоиз ставкаси юқорироқ шаклланган — 9,8 фоиз. 

Кутилмалар қандай? 

Марказий банк инфляцияни 5 фоизгача пасайтиришни мақсад қилган. Регулятор бу кўрсаткичга 2027 йилнинг сўнггида эришишни кутмоқда. 

Айни пайтда инфляция 7 фоизни ташкил қилади. 5 фоизлик инфляция ортидан кредит ва депозит фоиз ставкаларини янада пасайиши ҳақиқатга яқин. 

Бунда инфляцион кутилмалар пасайиши ҳисобига реал фоиз ставкалари ҳам тушишда давом этади. 

3

Бироқ, 5 фоизлик инфляцияга 2027 йилда эришиш бир мунча қийин бўлади. Марказий банк томонидан молия соҳаси экспертлари томонидан ўтказилган сўровномада мақсадли кўрсаткичга эришиш муддатига скептик қаралганди. 

Экспертларнинг аксарияти 5 фоизлик инфляция 2028 йилдан бошлаб имконли бўлади деб ҳисобламоқда. 

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 161

Barchasi

Mavzuga oid