Logo

Куба доллар учун Марксдан воз кечяптими? Гавана 176 та иқтисодий ислоҳотга қўл урди

Bugun 14:556 daqiqa

Мамлакатда илк бор қишлоқ хўжалиги ва савдода хусусий компанияларга рухсат берилиб, банк ҳамда валюта тизимига бозор элементлари киритилмоқда.

Куба доллар учун Марксдан воз кечяптими? Гавана 176 та иқтисодий ислоҳотга қўл урди © Ijtimoiy tarmoqlar

Агар бугун Фидел Кастро Миллий ассамблеянинг сўнгги қарорлари билан танишиб чиққанида, унинг муносабати кутилганидек шафқатсиз бўларди: команданте «аксилинқилобчилар»ни отиб ташлаш учун зудлик билан жазо отрядини чақиртирган бўларди. Бироқ тарихнинг киноясини қарангки, Куба социализмининг асосий гўрковлари Марказий разведка бошқармаси (МРБ) агентлари эмас, балки Фиделнинг ўзи тайинлаб кетган одамлар, жумладан, амалдаги президент Мигел Диас-Канел бошчилигидаги раҳбарият бўлиб чиқмоқда.

Июн ойида Диас-Канел ва унинг сафдошлари 176 та иқтисодий ислоҳотдан иборат пакетни қабул қилди. Маҳаллий матбуот уни дарҳол «тектоник силжиш» деб аташга ҳам улгурди. Аслида эса бу — оролда 1959 йилдан бери ҳукм суриб келаётган мантиқсиз режали иқтисодиёт тизимининг энг шармандали ва кенг кўламли инқирозидир. Ярим асрлик умрини бозор иқтисодиётига қарши бесамар курашга сарфлаган ҳукумат эндиликда ўз фуқароларини ўнлаб йиллар давомида қамоқ лагерларига жўнатишига сабаб бўлган тушунчалар — хусусий сармоя ва хусусийлаштириш олдида бош эгмоқда.

1959 йилдан буён биринчи марта Гавана ўз ғурурини четга суриб, қишлоқ хўжалигида хусусий компанияларни қонунийлаштирди. Шу билан бирга, кубаликларга тижорат мақсадида бинолар қуриш учун ер олишга рухсат берилди. Бундан ташқари, хусусий шахслар ва хорижий сармоядорларга шошилинч равишда акциядорлик жамиятларига айлантирилаётган давлат корхоналаридан улуш сотиб олишга ижозат берилди. Албатта, бунда «стратегик тармоқлар» устидан давлат назорати сақланиб қолиши шарт қилиб қўйилган.

Молиявий монополия ҳам дарз кетди: энг дахлсиз соҳа ҳисобланган банк тизимига хусусий банклар, хорижий капитал ва валюта аукционлари кириб келди. Яқин-яқингача мафкуравий қўпорувчилик саналган биржа атамалари энди партиянинг асосий сиёсатига айланди. Бироқ натижа ўша-ўша: ҳукуматга ҳеч ким ишонмаяпти. Бир доллар учун 24 песо қилиб белгиланган афсонавий қатъий курс кетма-кет қилинган кескин девалвациялар зарбасига дош беролмай қулади.

Ниҳоят, Гавана энергетика, савдо, туризм ва транспорт соҳаларида ҳам оқ байроқ кўтарди. Бундан буён хусусий тадбиркорларга ёқилғи импорт қилиш, уни чакана сотиш, оролга хорижий савдо тармоқларини олиб кириш ва ҳатто партиянинг рухсатисиз автомобил сотиб олишга ижозат берилди.

Хўш, бу кутилмаган «илиқлик» ортида нима яширин — модернизация сари қўйилган онгли қадамми ёки шунчаки муқаррар инқирозни ортга суришга бўлган уринишми?

Бу саволга жавоб топиш учун Куба раҳбарияти қанчалик оғир инқироз ёқасига келиб қолганини тушуниш талаб этилади. Бунинг учун «The Economist» журналининг қуруқ ҳисоботларига кўз югуртиришнинг ўзи кифоя. 2020 йилдан буён Кубанинг ялпи ички маҳсулоти бешдан бир қисмдан ҳам кўпроққа пасайиб кетди. Инфляция тарихий рекордларни янгиламоқда. Кубаликларнинг кундалик ҳаёти эса узлуксиз чироқ ўчишлари оқибатида суткасига 22 соатлик зулматда жон сақлаш учун олиб бориладиган курашга айланиб қолган.

Ўнлаб йиллар мобайнида Куба иқтисодиётининг асосий таянчи ва хорижий валюта манбаи бўлиб келган туризм соҳаси пандемиядан кейин бутунлай вайрон бўлди. Озиқ-овқат тақчиллиги шу даражага етдики, одатда Африканинг энг чекка ҳудудларини очарчиликдан қутқарувчи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз тарихида илк бор Кубага инсонпарварлик ёрдами сифатида қуруқ сут юборишга мажбур бўлди.

Албатта, ҳукуматнинг бугунги чекиниши ўзига хос геосиёсий сабабларга эга. Кубадаги ҳозирги инқироз қисман Қўшма Штатлар томонидан узоқ йиллар давомида қўллаб келинган, бўғувчи санкцияларнинг бевосита натижасидир. Молиявий қамал ва мамлакатга ёпиштирилган «терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат» ёрлиғи ҳақиқатан ҳам ўз ишини қилди. Бироқ Америка эмбаргоси бу жараёнда фақатгина инқирозни тезлаштирувчи омил вазифасини бажарди, холос.

Ана шундай оғир вазиятда Кастронинг сийқаси чиққан «Ватан ёки ўлим» шиори одамларни руҳлантирувчи сеҳрли кучини бутунлай йўқотди ва ҳукуматни ислоҳотларга қўл уришга мажбур қилди.

Дарвоқе, Кубада авваллари ҳам иқтисодиётни қайта қуришга уринишлар бўлган. Юқорида тилга олинган «The Economist» журнали таъкидлашича, Гавана ўнлаб йиллар давомида ислоҳотларга сунъий тақлид қилишнинг ўзига хос маросимини мукаммал даражага етказиб улгурган. Журнал буни шундай тасвирлайди:

«Аввал қўрқоқларча олдинга бир қадам ташланади, сўнг ўз жасоратидан чўчиб кетиб, хусусий ташаббуснинг ҳар қандай учқунини ўчириб ташлаган ҳолда орқага қараб талваса билан сакралади».

176 та банддан иборат бугунги ислоҳотлар пакети ҳам, афтидан, айнан мана шу анъанани давом эттирмоқда. Таҳлилчилар уни Осиёдаги ўтмишдошлари — Хитой ва Виетнам тажрибаси билан солиштирар экан, Куба варианти ўзининг қатъиятсизлиги билан ўта ачинарли тақлидга ўхшаб қолганини таъкидламоқда. Куба бюрократияси ҳамон ўзининг севимли усулини қўллаб, икки қайиқнинг бошини бирдай тутишга уринмоқда. Уларнинг бир қўли оролга бозор иқтисодиёти унсурларини олиб кираётган бўлса, иккинчи қўли ҳанузгача сиёсий бошқарув дастакларига маҳкам ёпишиб олган.

Шуни унутмаслик керакки, Кубада ислоҳотларнинг дабдаба билан эълон қилиниши ва амалда ижро этилиши ўртасида улкан жарлик мавжуд. Колумбия юридик мактаби қошидаги «Horizonte Cubano» лойиҳаси доирасида эълон қилинган «Кубанинг сўнгги иқтисодий ислоҳотлари: юридик кашфиётми ёки қонунчиликдаги хомхаёлми?» номли тадқиқотда бу режаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари мутлақо йўқлигига эътибор қаратилган. Эълон қилинган 176 та банднинг саноқлиларигина ҳақиқий ҳуқуқий асосга эга, холос. Бугунги Куба қонунчилиги модернизация воситаси эмас, балки кўпроқ классик юридик лабиринтни эслатади.

Хулоса қилиб айтганда, 176 та банддан иборат қонунлар пакети стратегик режалаштириш меваси эмас, балки вақтдан ютиш мақсадидаги мажбурий таслим бўлишдир. Партия раҳбарияти бу ислоҳотлар Европа, Хитой ёки Россиядан йирик сармоядорларни жалб қилишига умид боғламоқда. Бу, ўз навбатида, нафақат иқтисодий вазиятни ўнглайди, балки оролда Америка хавфига қарши «тирик қалқон» бўлиб хизмат қила оладиган француз, испан ёки хитойлик хусусий сармоядорлар гуруҳини шакллантириш имконини ҳам беради.

Бироқ Гавананинг ажнабий сармоядорлардан кутган умидлари ҳозирча чилпарчин бўлмоқда. На хитойлик ҳамкорлар, на россиялик клептократлар ва на нозиктаъб европалик инвесторлар инфратузилмаси бутунлай вайрон бўлган, суд тизими эса қандай қарор чиқаришини мутлақо олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган мамлакат иқтисодиётига ўз пулини кўмиш учун навбатда тургани йўқ.

Қанчалик ғалати туюлмасин, бугунги кунда Майамидаги кубаликлар диаспораси ушбу ислоҳотларнинг асосий манфаатдорига айланмоқда. Бу расмий Кастро тарғиботи ўнлаб йиллар давомида ҳазар қилиб, фақатгина «gusanos» — «қуртлар» деб атаб келган ўша муҳожирлар.

Айнан шу муҳожирларнинг бир вақтлар «жирканч» саналган долларлари норасмий схемалар, ярим қонуний йўллар ва оилавий пул ўтказмалари орқали оролга оқиб келиб, бугунги кундаги янги кафелар, дўконлар ва логистика идораларига ҳаёт бағишламоқда. Шу билан бирга, мамлакат ичкарисида етишиб чиққан кубалик технократларнинг ёш авлоди очиқчасига ва тўғридан-тўғри Флорида сармоясига юзланмоқда.

Фидел ғояларининг содиқ посбонлари эса бу ислоҳотлар асло ишчилар синфи манфаатлари йўлида эмас, балки фақатгина партия раҳбариятининг жонини сақлаб қолиш учунгина амалга оширилмоқда, дея жар солмоқда.

Мигел Диас-Канел ва унинг жамоаси икки ўт орасида қолган. Бир томондан, уларга ёппасига иқтисодий инқироз ва Адам Смит қонунлари олдида тўлиқ, сўзсиз таслим бўлишни талаб қилаётган Қўшма Штатлар шафқатсизларча босим ўтказмоқда. Бошқа томондан эса, режимни инқилоб ғояларига хиёнат қилишда ва Куба пролетариатининг узил-кесил қашшоқлашиши ҳисобига капитализмни тиклашда айблаётган партиянинг ички инквизиторлари тинчлик бермаяпти.

176 та банддан иборат пакет — бу бирор стратегия, нажот режаси ёки одатий ислоҳот эмас. Бу шунчаки вақтдан ютишга бўлган уринишдир. Ҳукуматнинг мақсади — бозорга йўл очиш, аммо шу билан бирга ҳокимиятни сақлаб қолиш. Бироқ бозор механизмлари деган Пандора қутисини очиб юборган Гавана энди ўзи тўхтата олмайдиган жараёнларга старт бериб юборди. Унинг ресурслари ўта чекланган, инфратузилмаси эскирган, ташқи босим эса жуда кучли.

Teglar

Mavzuga oid