Манба: Сурхондарё ММТБ бошлиғи пора билан қўлга олинди
Vaqt.uz манбаларига кўра, у «Менинг мактабим» лойиҳаси билан боғлиқ тендер жараёнларида тадбиркордан пора олганликда гумонланмоқда.

Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиев пора олишда гумонланмоқда. Бу ҳақда Vaqt.uz манбалари хабар берди.
Мамадиев Жарқўрғонда амалга оширилган «Менинг мактабим» лойиҳаси билан боғлиқ тендер жараёнларида тадбиркордан пора олгани айтилмоқда.
Манбалар ушбу мансабдор 2025–2026 йиллар давомида воситачилар орқали тадбиркорлардан бир неча бор пул талаб қилгани, 3 200 ва 5 000 АҚШ доллари, шунингдек 447 млн сўм ва 120 млн сўм миқдорида маблағлар олинганини қайд этади.
Шунингдек, Термиз шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бўлими собиқ бошлиғи Сирожиддин Рўзиқулов ҳам ушлангани айтилмоқда. Маълум қилинишича, мазкур мансабдорлар 111 200 АҚШ доллари ҳамда 567 млн сўмни пора тариқасида олаётган вақтда қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми «а», «б», «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳусниддин Мамадиевнинг қўлга олиниши ҳақидаги хабарлар фонида унинг турмуш ўртоғи Нафиса Баҳодировна ижтимоий тармоқда қуйидагича пост қолдирди. Бу мазкур ҳолатга алоқадор бўлиши мумкин:
«Биз яхшимиз, хавотирга ўрин йўқ. Адвокатлар ишлаяпти. Нима бўлди деб мендан сўрайверманглар. Озгина муддат фикримни жамлашим учун менга тинчлик керак», – деб ёзади аёл.

Воқеаларнинг қизиқ хронологияси
2026 йил 16 феврал куни Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Ҳилола Умарова лавозимидан озод этилди ва эртаси куни, 17 февралда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори лавозимига тайинланди.
2023 йил март ойидан бери Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Ҳусниддин Мамадиев эса жорий йил 17 феврал куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримованинг тегишли буйруғига асосан, вазирлик ҳузуридаги Мактабгача таълим тизими фаолиятини мувофиқлаштириш департаментининг Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.
Орадан 2 кун ўтиб, 19 февралда Мамадиевнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Бекзод Тошпўлатов вилоят ММТБ бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Teglar






