Logo

Марказий банк 23 та молия ташкилотини жаримага тортди

Kecha 15:062 daqiqa

Регуляторнинг Банк назорати қўмитаси томонидан июн ойида ўтказилган 7 та йиғилишда жами 34 та масала кўриб чиқилиб, 21 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

Марказий банк 23 та молия ташкилотини жаримага тортди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг июнь ойида 7 та йиғилиш ўтказилиб, жами 34 та масала кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Регуляторга кўра, кўриб чиқилган масалаларнинг 22 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига тўғри келди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (6 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатларини тақдим этиш (3 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш ва тўлов ташкилотига лицензия бериш (4 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (5 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (4 та) билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Қолган 12 та масала эса кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид бўлди. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрлари талабларига риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари ҳамда тақсимланмаган фойдани тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий банкка кўра, қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритмаганлиги, шунингдек инспекция текширувлари ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 21 та банк, 1 та микромолия ташкилотига ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.

Шу билан бирга, пруденсиал норматив талабларига риоя этилмаганлиги ҳамда ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги учун 23 та банк чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Teglar

Mavzuga oid