Logo

Марказий банк назоратига ўтадиган насия савдоси, 2023 йилдан бери энг пастга қулаган доллар ва 264 млн долларга янгиланадиган аэропорт — 17 август дайжести

Kecha 23:142 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Марказий банк назоратига ўтадиган насия савдоси, 2023 йилдан бери энг пастга қулаган доллар ва 264 млн долларга янгиланадиган аэропорт — 17 август дайжести

Нaсия бозори Марказий банк назоратига ўтади

Президентнинг 14 августдаги ПҚ–294-сон қарори билан шу пайтгача ягона молиявий назорат доирасидан ташқарида ривожланган насия савдо бозори алоҳида тартибга олинмоқда.

Банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари, аҳолига муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахслар «муддатли тўлов хизмати оператори» деб эътироф этилади. Улар 2027 йил 1 январдан Марказий банк шакллантирадиган реестрга киргандан кейингина бундай хизматни кўрсатиши мумкин бўлади. Банклар ва микромолия ташкилотлари реестрга регуляторни хабардор қилиш, бошқа компаниялар эса ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали киритилади.

Урганч халқаро аэропортининг йўловчи қабул қилиш қуввати 4 баробар оширилади

Хоразм халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилишга 264 млн доллар инвестиция йўналтирилмоқда. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида Жанубий Кореянинг «Incheon International Airport Corporation» компанияси иштирокида амалга оширилади.

Реконструкциядан сўнг аэропорт «Boeing 747» ва «Airbus A350» каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қила олади. Биринчи босқичда 18 та самолёт тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги қурилади. Шунингдек, замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари ҳамда 24 соат ишлайдиган тиббиёт пункти ташкил этилади.

Доллар 2023 йил августидан бери энг паст даражага тушди

17 август куни биржа савдоларида доллар курси 33,83 сўмга пасайиб, 11 857,35 сўмни ташкил қилди. Бу 2023 йил 10 августидан кейинги энг паст кўрсаткич бўлди. Йил бошидан бери доллар 147,06 сўмга ёки 1,2 фоизга арзонлашди.

Ўзбекистонда расмий доллар курси Республика валюта биржасидаги савдолар асосида белгиланади. Банклар бу ерда хорижий валютани сотиб олади ва сотади, курс эса талаб ва таклиф мувозанатига қараб шаклланади.

Ўзбекистонда янги университетлар очилмайди

Олий таълим вазири Конгратбай Шариповга кўра, мавжуд университетлар қуввати меҳнат бозори эҳтиёжини қоплаш учун етарли. Шу сабаб ҳозирча янги ОТМ очишга эҳтиёж йўқ.

Вазирнинг айтишича, 56,7 баллдан юқори натижа олган 256 мингдан ортиқ ёш олий таълимга кирмоқда. Қолаверса, пастроқ балл олган абитуриентларни ҳам мавжуд ОТМлар қабул қила олади. Янги университетлар сонини кўпайтириш эса сифатсиз таълимга олиб келиши мумкин.

Андижон аэропортининг янги терминали қурилиши йил охиригача битади

Андижон халқаро аэропортида янги йўловчи терминали қурилиши 40 фоизга етди. Уни йил охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Янги терминал 19 650 кв. метр майдонга эга бўлиб, соатига 1 000 нафар йўловчига хизмат кўрсатади. Амалдаги терминалнинг қуввати эса соатига 200 нафарни ташкил этади. 2026-йилнинг биринчи ярмида аэропорт 91,9 минг йўловчига хизмат кўрсатган, янги терминал ишга тушгач, йиллик қувват 1,1 млн нафарга етиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid