Logo

Урганч халқаро аэропортининг йўловчи қабул қилиш қуввати 4 баробарга оширилади

Аэропортни кенгайтириш ва модернизация қилиш учун жами 264 млн доллар миқдорида инвестиция маблағлари йўналтирилган.

Урганч халқаро аэропортининг йўловчи қабул қилиш қуввати 4 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм халқаро аэропортида амалга оширилаётган реконструкция лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, аэропортни кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 264 млн доллар инвестиция йўналтирилмоқда. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган бўлиб, хусусий шерик сифатида Жанубий Кореянинг «Incheon International Airport Corporation» компанияси жалб қилинган.

Аэропорт қуввати оширилади

Реконструкция натижасида аэропорт «Boeing 747» ва «Airbus A350» каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қила олади. Бу Хоразмга дунёнинг турли минтақаларидан транзитсиз узоқ масофали парвозларни йўлга қўйиш имконини беради.

Лойиҳанинг биринчи босқичида 18 та самолёт тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги қурилади. Шунингдек, замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари ҳамда 24 соат ишлайдиган тиббиёт пункти ташкил этилади.

Аэропортда халқаро брендлар жойлаштириладиган «Duty Free» зонаси ҳам барпо этилади. Бундан ташқари, расмий делегацияларга хизмат кўрсатиш учун алоҳида терминал қурилмоқда.

Хивага янги имкониятлар

Президент аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш Хива ва Урганчнинг халқаро тадбирлар ўтказиладиган марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашини таъкидлади. Хорижий делегациялар учун қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш мамлакатнинг халқаро нуфузи учун ҳам муҳим экани қайд этилди.

Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Урганч аэропортининг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 300 нафаргача ошади. Бу аэропортнинг ҳозирги имкониятини қарийб 4,3 баробар кенгайтиради.

Маълумот учун, Урганч аэропорти 1960-йилда ишга туширилган, 1992-йилда халқаро мақом олган. Майдони 285 гектардан ортиқ бўлган мажмуа орқали ҳозир ўнга яқин авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда. Жорий йилда аэропорт 126 млрд сўмлик хизмат кўрсатган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоиз кўп.

Теглар

Мавзуга оид