Logo

Марказий Осиёда хорижий сайёҳлар харажатлари 26 фоиздан ортиққа ошди

Bugun 14:432 daqiqa

Минтақа жаҳонда энг тез ривожланаётган туристик йўналишлардан бирига айланиб, халқаро туризм бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлади. Туризмнинг минтақа ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 17,7 фоизга ошди.

Марказий Осиёда хорижий сайёҳлар харажатлари 26 фоиздан ортиққа ошди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Сўнгги йилларда Марказий Осиё жаҳон туризм бозорида ўз ўрнини сезиларли даражада кучайтирди. 2025-йил якунларига кўра, минтақа туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси, бандлик, инвестициялар ва хорижий сайёҳлар харажатлари каби бир қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича дунёда энг юқори ўсиш суръатларини қайд этди. Бу ҳақда «Ranking.kz» хабар берди.

Сўнгги ўн йил ичида пандемия, геосиёсий можаролар, санкциялар ва иқтисодий инқирозлар туфайли жаҳон туризм бозорида катта ўзгаришлар юз берди. Бу омиллар саёҳат йўналишлари ва туристларнинг танловига ҳам таъсир қилди. Шу билан бирга, кўплаб давлатлар бу вазиятдан фойдаланиб, туризм соҳасини модернизация қилишга киришди. Давлатлар туризм инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт қатновини яхшилаш, янги туристик объектлар қуриш ва хизматлар сифатини оширишга катта маблағ сарфлади. Натижада халқаро туристлар ва уларнинг харажатларини жалб қилиш бўйича рақобат янада кучайди.

Бу жараёнда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳам туризм соҳасини фаол ривожлантирди. Минтақа туризмга йўналтирилган инвестициялар ҳажмини оширди, инфратузилмани кенгайтирди ва ўзининг туристик имкониятларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилди.

Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WTTC) маълумотларига кўра, 2025-йилда Марказий Осиё туризм соҳасининг бир қатор асосий кўрсаткичлари бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллади. Хусусан, туризмнинг минтақа ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 17,7 фоизга ошди. Солиштириш учун, Шимоли-Шарқий Осиёда бу кўрсаткич 8,7 фоиз, Жануби-Шарқий Осиёда эса 7,6 фоизни ташкил қилди.

Минтақа туризм соҳасида янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам етакчилик қилди. Бир йил ичида соҳадаги бандлик 9,5 фоизга ошди. Бу кўрсаткич Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африкада 4,8 фоиз, Шимолий Африкада эса 4,6 фоиз бўлган.Энг катта ўсиш хорижий сайёҳлар харажатлари бўйича қайд этилди. 2025-йилда Марказий Осиёга келган чет эллик сайёҳлар сарфлаган маблағлар 26,4 фоизга кўпайди. Таqqослаш учун, Шимоли-Шарқий Осиёда бу кўрсаткич 10,6 фоиз, Океания давлатларида эса 8,3 фоизга ўсган.

Бундан ташқари, Марказий Осиё туризм соҳасига киритилган инвестициялар ўсиши бўйича ҳам жаҳон етакчилари қаторидан жой олди. Бир йил ичида соҳага киритилган сармоялар ҳажми 12,4 фоизга ошди.

Мутахассислар фикрича, бу натижалар туризм соҳаси нафақат глобал инқирозлардан кейин тикланганини, балки Марказий Осиё жаҳон туризм бозорида истиқболли минтақалардан бирига айланаётганини ҳам кўрсатади. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз рақобатбардошлигини ошириб, тобора кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида 3,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижга туристик сафар қилди.

Teglar

Mavzuga oid