Logo

МБ асосий ставкаси: иқтисодчилар эртанги қарор ҳақида нима дейди?

Bugun 11:254 daqiqa

29-июл куни Марказий банк асосий ставка бўйича қарор қабул қилади. Vaqt.uz иқтисодчиларнинг эртанги йиғилиш бўйича прогнозларини жамлади.

МБ асосий ставкаси: иқтисодчилар эртанги қарор ҳақида нима дейди?

Эртага Марказий банк асосий ставка бўйича навбатдаги қарорини эълон қилади. Vaqt.uz анъанага мувофиқ, қарор қабул қилинишидан олдин иқтисодчиларнинг кутилмалари ва фикрларини жамлади.

«0,5 бандга пасайтириш эҳтимоли ҳар доимгидан юқорироқ» — Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бу сафар асосий ставканинг 0,5 фоиз бандига пасайтирилиши эҳтимоли йиғилишларга нисбатан юқорироқ. Ўзгартирмай қолиши ёки 1 фоиз бандига пасайтирилиши эҳтимоли камроқдек кўринган.

Бакировнинг таъкидлашича, юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича вазифаларнинг қўйилаётгани, миллий валюта курсининг барқарорлиги, ёзги мавсумий дефляция даврининг бошланганлиги, энергия тарифлари оширилишининг қисқа муддатли таъсири куз ойларида сезила бошлаши, кредитлаш суръатларининг юқори эмаслиги ҳамда Марказий банкнинг ўтган йиғилишдаги ишоралари айнан шундай кутилмаларни шакллантирмоқда.

«Ставканинг трансмиссия механизми ҳали жуда заиф» — Беҳзод Ҳошимов

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрича, Марказий банк бу гал ҳам асосий ставкани ўзгартирмайди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирча ставкани ошириш ёки пасайтиришга шошилинч эҳтиёж йўқ. Бунга сабаб эса Ўзбекистонда асосий ставканинг реал иқтисодиёт ва инфляцияга таъсирини таъминлайдиган трансмиссия механизми ҳали етарлича кучли эмас. Бундан ташқари, маъмурий нархлар ҳамда бозордан ташқари ажратилган кредитларнинг улуши юқорилигича қолмоқда.

«Ўзбекистонда ставканинг реал иқтисодиёт ва инфляцияга ўтиши, яъни трансмиссия механизми ҳали жуда заиф. Маъмурий нархлар ва бозордан ташқарида берилган кредитларнинг улуши катта. Шу боис инфляцияга таъсир нуқтаи назаридан қараганда, ставкани бирор бандга қимирлатишдан кўра фискал сиёсат, тариф сиёсати ва трансмиссияни мустаҳкамловчи структуравий ислоҳотлар анча муҳимроқ. Агар танлаш керак бўлса, талаб кучли, инфляция қайта тезлашаётган пайтда тушириш ишончни заифлаштириши мумкин», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

«Асосий ставкани пасайтириш учун асослар мавжуд, лекин инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда» — Миркомил Холбоев

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, бу сафарги асосий ставка бўйича қарор Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинликнинг яна кучайиши ҳамда энергия ресурслари нархлари ошиши ортидан глобал ноаниқликлар кучайган шароитда қабул қилинади.

Унинг таъкидлашича, май ойида ўтган йилдаги энергия нархлари оширилишининг базавий таъсири йўқолиши ҳисобига йиллик инфляция 5,5 фоизгача секинлашган эди. Бироқ июнь ойида энергия тарифларининг навбатдаги оширилиши натижасида инфляция яна 6,4 фоизгача тезлашди. Шу билан бирга, энергия нархлари ўсишининг ойлик инфляцияга таъсири 0,38 фоиз бандни ташкил этган. Умумий инфляция ошганига қарамай, базавий инфляция 5,7 фоиз даражасида ўзгармай қолган.

photo_2026-07-28_11-23-35

Манба: Mirkonomika

Натижада, июнь ойида асосий ставка билан умумий инфляция ўртасидаги ижобий фарқ 7,6 фоизни, асосий ставка билан базавий инфляция ўртасидаги фарқ эса 8,3 фоизни ташкил этган. Бундан ташқари, энергия тарифлари ошган бўлса-да, аҳоли инфляцион кутилмалари 10,1 фоиз даражасида сақланиб қолган ва асосий ставка билан бу кўрсаткич ўртасидаги фарқ йил бошига нисбатан 1,1 фоиз бандга ошиб, 3,9 фоизни ташкил қилган.

Холбоевнинг фикрича, ставкани пасайтириш учун маълум асослар мавжуд. Бироқ энергия тарифлари ошишининг иккиламчи таъсири ҳали тўлиқ намоён бўлмаган. Келгуси ойларда бу омил инфляцияни тезлаштириши ва инфляцион кутилмаларни ёмонлаштириши мумкин.

Шунингдек, иқтисодиёт юқори суръатларда ўсишда давом этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида реал иқтисодий ўсиш 8,1 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 фоиз бандга тезлашган. Бу эса талаб омиллари орқали инфляцион босим сақланиб қолаётганини англатади. Бундай шароитда пул-кредит сиёсатини юмшатиш инфляцион хатарларни кучайтириши мумкин.

Иқтисодчи яна бир хавф сифатида жаҳон озиқ-овқат нархларининг юқорилигини кўрсатади. Унинг қайд этишича, июнь ойида бироз пасайганига қарамай, FAO озиқ-овқат нархлари индекси йил бошига нисбатан 5 фоиз юқори шаклланган. Айниқса, гўшт, дон маҳсулотлари ва ўсимлик ёғлари нархларининг сезиларли қимматлашгани геосиёсий кескинлик фонида озиқ-овқат инфляцияси хавфини оширмоқда.

Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият ҳамон асосий ноаниқлик манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Холбоевнинг фикрича, АҚШ ҳужумларни тўхтатганини эълон қилган бўлса-да, вазиятнинг қанча давом этишини олдиндан айтиш қийин.

Маълумот учун, ўтган ҳафта Қозоғистон Марказий банки асосий ставкани 0,25 фоиз бандга пасайтириб, 16,75 фоиз этиб белгилаганини, АҚШ Федерал резерв тизими эса жорий ҳафтадаги йиғилишда ставкани ўзгартирмаслиги кутилаётганини эслатди. Европа Марказий банки ҳам ўтган ҳафтадаги йиғилишда ставкани ўзгаришсиз қолдирган.

«Умуман олганда, асосий ставкани пасайтириш учун асослар мавжуддек, лекин инфляцияга нисбатан хатарлар сақланиб қолмоқда. Ўтган йиғилишда шарт-шароитлар нисбатан яхши бўлишига қарамасдан Марказий банк нисбатан консерватив позицияда қолиб, асосий ставкани ўзгартирмаган эди. Бу сафар эса шарт-шароитлар ўтган йиғилишга нисбатан бироз ёмонлашган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирса керак», — деди Миркомил Холбоев.

«Инфляциянинг пасайиши ставкани тушириш учун асос» — Фозил Додиев

Иқтисодчи Фозил Додиевнинг фикрича, инфляция пасайишда давом этаётган бир пайтда Марказий банк асосий ставкани ҳам босқичма-босқич пасайтириши лозим.

Унинг қайд этишича, 2026 йил июнь ойи якунида йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунида бу кўрсаткич 7,3 фоиз бўлган. Бу эса инфляция секинлашаётганини кўрсатади.

«Асосий ставка инфляция даражаси пасайиши билан туширилиши лозим. 2026 йил июнь ойи охирида инфляция даражаси 6,4 фоиз бўлган, 2025 йил якуни бўйича эса 7,3 фоизни ташкил этган. Ушбу тенденция асосий ставкани тушириш учун асос бўлади», — деди Фозил Додиев.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк охирги марта 17-июн куни асосий ставка масаласини кўриб чиқиб, 14 фоизга ўзгаришсиз қолдирган эди.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 167

Barchasi

Mavzuga oid