Мирзиёев Тошкент–Самарқанд пулли йўли қурилишини тезлаштиришни топширди

Bugun 20:351 daqiqa

Ушбу йўлнинг лойиҳавий тезлиги соатига 150 километрни ташкил этади.

Мирзиёев Тошкент–Самарқанд пулли йўли қурилишини тезлаштиришни топширди © gov.kz

Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларини боғлайдиган узунлиги 282 километр бўлган янги «Тошкент – Самарқанд» муқобил автомобил йўли қурилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тақдимот қилинган вақтда маълум қилинди.

Мазкур йўл I-а тоифада, цемент-бетон қопламали бўлиб, ҳар икки йўналишда учтадан ҳаракат тасмаси билан қурилади. Ушбу йўлнинг лойиҳавий тезлиги соатига 150 километрни ташкил этади.

Инфратузилма ва қурилиш объектлари
Лойиҳа доирасида 12 та транспорт ечими, 60 та туннелли ўтиш жойи, 91 та кўприк, 16 та йўл ўтказгич, 258 та дренаж иншооти ва интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, 12 та терминал, йўл бўйи инфратузилмаси ва вазн ўлчаш тизими ташкил қилинади.

Давлат раҳбари салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар жараёнини жадаллаштириб, қурилиш ишларини қисқа муддатларда бошлаш бўйича топшириқ берди. Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, қурилиш сифати, хавфсизлик талаблари ва аҳоли учун қулайлик асосий мезон бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Teglar

Mavzuga oid