NASA тақдирлаган ўзбек олимлари, визасиз саёҳат истиқболлари ва боғчада заҳарланган болалар — 23 феврал дайжести

23.02.2026 | 23:004 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

NASA тақдирлаган ўзбек олимлари, визасиз саёҳат истиқболлари ва боғчада заҳарланган болалар — 23 феврал дайжести

Уч ҳудуддаги бешта кондан янги газ оқими аниқланди

Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидаги жами 6 та қудуқдан саноат миқёсида табиий газ оқими олинди. «Ўзбекнефтгаз» маълумотига кўра, Қорақалпоғистонда янги юқори босимли кон аниқланган, ҳозирда қудуқларда газ дебити ва таркиби бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Қашқадарёда учта, Бухорода битта қудуқдан газ қайд этилган бўлиб, қудуқлардан олинаётган газ ҳажми ва сифати якунлангач, уларни ишлаб чиқариш занжирига улаш масаласи кўриб чиқилади.

Шунингдек, Устюрт ҳудудидаги Шимолий Бердақ конининг 7-сон қудуғи қайта таъмирланиб, ундан ҳам саноат миқёсида газ оқими олинди. Аввалроқ январда «Мўйноқ» кони яқинидаги қудуқдан газ аниқланган, сентябр ойи ўрталарида эса Устюрт платосида 6,5 километр чуқурликда йирик газ кони топилгани эълон қилинган эди. Бу топилмалар мамлакат газ захираларини ошириш ва ички таъминот барқарорлигини мустаҳкамлаш омиллари сифатида баҳоланмоқда.

2026 йилда 800 та пахта териш машинаси сотиб олинади

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги механизация даражаси 81 фоизга етган бўлиб, сўнгги йилларда 1 756 та пахта териш машинаси харид қилинган ва пахта теримининг механизация даражаси 52 фоизни ташкил этган. Ўтган мавсумда 2,1 миллион тонна пахта машина ёрдамида йиғиб олинган, қўл меҳнати эса сўнгги беш йилда 1,8 баробар қисқарган. 2026 йилда пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш мақсадида 800 та пахта териш машинаси ҳамда жами 10 мингта янги техника харид қилиниб, техника парки 292 мингтага етказилиши режалаштирилган.

Янги техникаларни фермерларга лизинг асосида бериш учун халқаро молия институтларидан 400 миллион доллар жалб этиш, кредитларни миллий валютада 10 йилга 18 фоиз ставкада ажратиш ва ставканинг 8 фоизини бюджет ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган. Шунингдек, 2026–2028 йилларда маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини кўтариш, техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 миллиард сўм субсидия ажратиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида банк хизматлари ва агрохизмат зоналарини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Фарғонадаги боғчаларда болалар оммавий заҳарланди

Фарғона шаҳридаги қатор давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар орасида оммавий заҳарланиш аломатлари қайд этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 21 феврал кунидан 2-, 58- ва 61-сонли боғчалар болалари иситма, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва ич кетиши белгилари билан шифохонага мурожаат қилган. Ҳозирда 62 нафар бола «ўткир диарея, алиментар этиологияли» ташхиси билан стационарда даволанмоқда, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган. Ота-оналар фарзандларида касаллик аломатлари боғчадан қайтгач пайдо бўлганини билдириб, овқатдан заҳарланиш эҳтимолини илгари сурмоқда.

Боғчаларга овқат етказиб берувчи «Garden catering Trade» МЧЖ томонидан 20 феврал куни белгиланган меню асосида таомлар тайёрланган. Аввалроқ ушбу корхона фаолиятини ўрганиш жараёнида хизмат кўрсатишда бир қатор санитария ва меъёрий талабларга риоя этилмагани аниқлангани, Рақобат қўмитаси эса мазкур қарорни бекор қилишни талаб қилгани қайд этилган. Ҳозирда санитария-эпидемиологик хизмат мутахассислари боғчалар ва овқат етказиб берувчи корхонада текширув ўтказиб, таомлардан лаборатория намуналарини олган, натижалар кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистонлик астрономлар NASA'нинг халқаро мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти олимлари — Отабек Бурхонов ва Камолиддин Эргашев NASAнинг «Group Achievement Award» халқаро мукофоти билан тақдирланди. Мукофот NASAнинг «Double Asteroid Redirection Test» (DART) космик миссияси доирасида қўлга киритилган илмий натижалар учун берилган. Ўзбекистонлик астрономлар миссиянинг ердан кузатувлар бўйича ишчи гуруҳи таркибида иштирок этиб, Maydanak Observatory телескоплари орқали астероид тизимини кузатган.

DART миссияси инсоният тарихида биринчи марта астероид орбитасини мақсадли ўзгартиришга қаратилган сайёравий ҳимоя тажрибаси бўлиб, 2022 йил 26 сентябрда космик кема Dimorphos астероидига зарба берган. Ўзбекистонлик олимлар зарбадан олдинги ва кейинги фотометрик кузатувлар асосида орбитал даврдаги ўзгаришни аниқлаб, тажрибанинг муваффақиятли амалга ошганини илмий жиҳатдан тасдиқлашга ҳисса қўшган.

Ўзбекистонликлар визасиз кира оладиган давлатлар 50 тага етказилади

Ўзбекистон фуқаролари визасиз бориши мумкин бўлган давлатлар сони 2030 йилгача 50 тага етказилиши режалаштирилган. Бу вазифа 2026 йил 16 февралда тасдиқланган янги таҳрирдаги «Ўзбекистон 2030» стратегиясида белгиланган. Ҳозирда ўзбекистонликлар 34 та давлатга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлиб, жорий йилда яна икки давлат билан визасиз режим жорий этилиши орқали бу кўрсаткич 36 тага етказилиши кутилмоқда.

Стратегияга кўра, визасиз давлатлар сони 2027 йилда 38 тага, 2028 йилда 42 тага, 2029 йилда 46 тага ва 2030 йилда 50 тага чиқарилади. Шу билан бирга, соддалаштирилган виза тартиби амал қиладиган мамлакатлар сонини 60 тага етказиш, консуллик хизматлари учун мобил платформани ишга тушириш ҳамда фойдаланувчилар сонини 60 минг нафаргача ошириш режалаштирилган. 2025 йилда ўзбекистонликлар учун Хитой ва Иорданияга визасиз кириш жорий этилган, ташқи ишлар вазирлиги эса Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан визаларни енгиллаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Teglar

Mavzuga oid