Нотариал шартномаларда эски қарздорликни янги эгасига юклаш банди бекор қилиниши мумкин
Рақобат қўмитаси кўчмас мулк олди-сотди шартномаларида эски қарздорликни янги мулкдорга юклаш ҳақидаги бандни олиб ташлашни таклиф қилди.
© klerk.ruРақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар кўрсатишича, айрим ҳолларда фуқаролар уй-жой сотиб олгандан кейин аввалги эгасига тегишли коммунал қарзлар улар зиммасига юкланмоқда. Бу амалиёт “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларига зид экани таъкидланмоқда.
Қонунга мувофиқ, шартномада истеъмолчининг ҳуқуқларини чекловчи ҳар қандай бандлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шу боис, қарздорликни янги мулкдорга ўтказишни назарда тутувчи шартлар қонунчиликка мос келмайди.
Муаммонинг келиб чиқишига инсон омили, маълумотларни биллинг тизимларига нотўғри киритиш ва идоралараро электрон тизимларда маълумотларни ўз вақтида янгиланмаслиги сабаб бўлаётгани қайд этилган. Шунингдек, айрим шартномаларга қонунга зид бандлар киритилиши ҳам ҳолатларни кучайтирмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, кўчмас мулк битимлари нотариал тасдиқланишидан олдин “NOTARIUS” электрон тизими орқали коммунал ва солиқ қарзлари мажбурий текширилади. Қарздорлик аниқланмаган тақдирдагина шартнома расмийлаштирилади.
Мисол сифатида Самарқанд вилоятидаги ҳолат келтирилган. Фуқаро уй сотиб олганидан сўнг, Самарқанд сув таъминоти томонидан унга 13 млн сўм қарз юкланган. Кейинчалик текширувда ушбу қарз ташкилот ходимининг хатоси туфайли нотўғри шакллангани аниқланиб, маблағ қайта ҳисоблаб берилган.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида қўмита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига нотариал шартномалардан қарздорликни янги эгаси зиммасига юкловчи бандларни чиқариб ташлаш бўйича таклиф киритди.





