Нотариуслар эскроу маблағини онлайн текширади
Кўчмас мулк ва транспорт олди-сотдисида эскроу ҳисобварақ маблағи реал вақтда нотариуслар томонидан текширилади.

Кўчмас мулк ва айрим тоифадаги транспорт воситалари олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни шаффоф ва хавфсиз амалга ошириш учун нотариуслар эскроу ҳисобварақдаги маблағни реал вақтда текшириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу тартибни жорий этишни назарда тутувчи Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Нотариуслар ва банклар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ҳужжатга кўра, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифадаги транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситалари бўйича ҳисоб-китоблар электрон маълумот алмашинуви асосида амалга оширилади. Бу орқали нотариуслар ва банклар ўртасида тўғридан-тўғри рақамли ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Тарафлар келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, алоҳида эскроу ҳисобварағи очади ва шартнома суммасини ушбу ҳисобвараққа киритади. Ҳар бир шартнома учун фақат битта эскроу ҳисобварағи очилиши белгиланган.
Шартномани тасдиқлашдан аввал нотариус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали банкка электрон сўров юборади. Банк эса эскроу ҳисобварақда шартнома суммасига тенг маблағ мавжуд ёки йўқлиги ҳақида жавоб қайтаради. Агар ҳисобварақ ёпилган ёки маблағ етарли бўлмаса, шартнома тасдиқланмайди.
Шартнома тасдиқланганидан сўнг нотариус бу ҳақда банкка электрон маълумот юборади ва банк маблағни автоматик равишда сотувчининг ҳисобварағига ўтказади. Агар шартнома тасдиқланмаса, харидор мурожаати асосида маблағ қайтарилади.
Низом талаблари ижроси устидан Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк мониторинг олиб боради.





