Logo

ОАВдан яширилган йирик судлар, 14 фоизда қолган асосий ставка ва Тошкент атрофида қуриладиган 1 млрд долларлик йўл — 29 июл дайжести

Kecha 23:153 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

ОАВдан яширилган йирик судлар, 14 фоизда қолган асосий ставка ва Тошкент атрофида қуриладиган 1 млрд долларлик йўл — 29 июл дайжести

«Очиқ, лекин ёпиқ»: Суд ОАВга 90 миллион долларлик миграция ишини ёритишни тақиқлади

Бектемир туман судида Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ, 90 миллион долларлик зарар етказилгани айтилаётган жиноят иши бўйича суд жараёни бошланди. Судланувчилар орасида ДХХнинг собиқ мансабдорлари ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари ҳам бор. Уларга пора олиш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби айбловлар эълон қилинган.

Суд мажлиси очиқ деб эълон қилинган бўлса-да, адвокатлар ва судланувчиларнинг қаршилигидан сўнг суд ОАВга жараённи ёритишни тақиқлади. Шу тариқа журналистлар иштирок этишига рухсат берилмаган, мажлис эса оммавий ахборот воситалари ёритувисиз давом этмоқда.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бериш учун ишонч телефони ишга туширилди

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун 1246 қисқа рақамли ишонч телефонини ишга туширди. Фуқаролар ушбу рақам орқали болаларга нисбатан жисмоний, руҳий ёки жинсий зўравонлик, бепарволик ҳамда бола ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи ҳолатлар ҳақида аноним тарзда мурожаат қилиши мумкин.

Агентлик мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланишини маълум қилди. Ҳозирда колл-марказ тест режимида ишламоқда ва фуқаролар болалар ҳуқуқлари бузилишига бефарқ бўлмасликка чақирилди.

Тошкент атрофида 1 млрд долларлик икки қаватли пулли йўл қурилиши мумкин

Тошкент шаҳри атрофида узунлиги 100 километр бўлган икки қаватли пулли айланма йўл қуриш лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарорига кўра, қиймати 1 миллиард долларлик лойиҳа Хитойнинг China Railway Construction компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин. Бироқ шаҳар ҳокимлиги ҳозирча фақат ҳамкорлик меморандумлари имзоланганини, якуний инвестиция қарорлари қабул қилинмаганини маълум қилди.

Шунингдек, Хитой компаниялари билан БРТ йўлаклари, туннеллар, йўлўтказгичлар ва йўлларни реконструкция қилишга доир яна бир нечта йирик лойиҳалар ҳам муҳокама қилинмоқда. Улар орасида Тошкентни «Янги Тошкент» халқаро аэропорти билан боғлайдиган пулли автомагистраль қурилиши ҳам бор. Барча ташаббуслар ҳозирча дастлабки келишувлар босқичида.

Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви 29 июл куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регуляторнинг маълум қилишича, июн ойида энергия ресурслари ва кўмир нархлари ошиши таъсирида инфляция йиллик ҳисобда 6,4 фоизга етган бўлса-да, базавий инфляция 5,7 фоиз даражасида сақланиб қолган.
Марказий банк йил якунига оид прогнозларини ҳам ўзгартирмади. Унга кўра, 2026 йил охирида инфляция 6,5 фоиз, иқтисодий ўсиш эса 7,5–8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиш 16 сентябр куни ўтказилади.

Ўзбекистонда сукук ва янги турдаги облигациялар чиқарилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда сукук (ислом облигациялари), барқарор ривожланиш облигациялари, қопланган ва секюритизацияланган облигациялар каби янги молиявий инструментларни муомалага чиқариш таклиф этилмоқда. Бу капитал бозорини ривожлантириш ва инвесторлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, корпоратив бошқарув ва ахборот ошкоралигини кучайтириш, капитал бозори инфратузилмасини ҳамда Марказий депозитарий ва рейтинг агентликлари фаолиятини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш назарда тутилган.

Бекмурод Абдуллаев иши: 30 нафар судланувчи, ОАВга чеклов

ЖИБ Юнусобод туман судида ИИВ собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаментининг собиқ раҳбари Рустам Турсунов ва яна 28 нафарга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Еттинчи суд мажлисида адвокатлар талабига кўра, давлат сирига оид маълумотлар мавжудлиги важи билан суд жараёнини ОАВ иштирокисиз, ёпиқ тарзда ўтказишга қарор қилинди.

Тергов маълумотларига кўра, иш 200 миллиард сўмдан ортиқ зарар билан боғлиқ. Президент аввалроқ ИИВ тизимида давлат харидлари орқали 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилганини маълум қилган эди. Апрель ойида эса Бекмурод Абдуллаев етказилган зарарни қоплаганидан сўнг, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси гаров билан алмаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid