Олис ҳудуд ўқувчиларига автобус, мактабларда сунъий интеллект ва касбий таълим ислоҳотлари
09.09.2025 | 17:054 daqiqa
Президент таълимни ислоҳ қилиш бўйича 2025 йилда кенг қамровли чоралар дастурини тасдиқлади ва амалий вазифалар белгилади.

Ўзбекистоннинг олис ҳудудларидаги 74 мингга яқин ўқувчи 5–7 км масофани пиёда босиб ўтмоқда. Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 200 та мактабда автобус қатнови ташкил қилинди. Бу тизимли равишда бошқа вилоятларга ҳам татбиқ этилади. Шу билан бирга, 201 та ихтисослашган мактаб ташкил этилган бўлса-да, улардан 12 тасида ҳали қурилиш якунланмаган.
Янги ўқув йилидан сунъий интеллект дарслари жорий этилади. Бунинг учун 2 минг синф хонасига компютерлар ва 6300 та интерфаол доска керак бўлади. Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Ибн Сино мактаблари ҳудудий университетларга бириктирилиб, битирувчилари тўғридан тўғри 2-курсга ўтиши мумкин. Кимё ва информатика бўйича халқаро олимпиадалар илк бор Ўзбекистонда ўтказилади.
Боғча ва мактаб хизматлари рақамлаштирилади. Ҳозирча 8 минг мактабда ўқувчи қабул қилиш эскича тартибда амалга оширилмоқда. 2025 йил якунига қадар барча туманларда микроҳудудлар белгилаб, қабул, давомат, хизматлар тўлиқ рақамли форматга ўтказилиши шарт қилинди.
«Келажак соати» дарслари ва «Келажак» марказлари жорий этилади. Улар орқали ёшлар миллий қадриятлар, илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида ривожлантирилади. Маслаҳатчилар ва психологлар орқали хулқ муаммолари билан ишлаш, қизиқишлар бўйича тўгараклар йўлга қўйилади.
598 та техникумда Касбий таълим агентлиги орқали халқаро стандартлар жорий этилади. Қабул квоталари инвестор буюртмасига кўра белгиланиб, дуал таълим тизими кенгайтирилади. 2026 йилдан 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизи техникумларга йўналтирилади. Хитой инвестиция лойиҳалари учун кадрлар тайёрлашга алоҳида устуворлик берилади.





