Logo

Ўзбек оилаларини кўчиб ўтишга чақирган Лукашенко, лавозими ўзгарган Сардор Умрзоқов ва нархи сунъий оширилган дорилар — 10 июл дайжести

Kecha 23:303 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбек оилаларини кўчиб ўтишга чақирган Лукашенко, лавозими ўзгарган Сардор Умрзоқов ва нархи сунъий оширилган дорилар — 10 июл дайжести

Лукашенко ўзбек оилаларига Беларусга бориб яшашни таклиф қилди

Беларус президенти Александр Лукашенко ўзбекистонликларни оилалари билан Беларусга кўчиб бориб, у ерда яшаш ва ишлашга чақирди. Унинг айтишича, мамлакатда ресурслар етарли, аммо айрим соҳаларда ишчи кучи етишмайди.

Лукашенко Ўзбекистонда сув ва ер билан боғлиқ муаммолар борлигини таъкидлаб, Беларусда бундай ресурслар мавжудлигини айтди. У икки давлат ўртасидаги муносабатлар меҳнат миграцияси ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун асос бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Ўзбекистон 2026 йилда Россиядан 10 млрд куб метрдан ортиқ газ импорт қилиши мумкин

Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Россиядан Ўзбекистонга қувур орқали етказиб бериладиган табиий газ ҳажми 2026 йилда қарийб 50 фоизга ошиб, 10 млрд куб метрдан ортиши мумкин. Россия гази Қозоғистон орқали «Марказий Осиё — Марказ» қувур тизими ёрдамида етказиб берилмоқда.

2025 йилда Россия ва Туркманистондан газ импорти қиймати $1,65 млрдни ташкил этган. Пул кўринишидаги пасайишга қарамай, Россиядан харид қилинган газ ҳажми 14,9 фоизга ошиб, 6,48 млрд куб метрга етган. 2026 йилнинг январь–май ойларида эса газ харидлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 84,1 фоизга кўпайиб, $724,7 млнни ташкил қилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг табиий газ экспорти камайишда давом этмоқда. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида экспорт ҳажми 29,6 фоизга қисқариб, $202,9 млнга тушган. Режага кўра, 2030 йилга бориб мамлакатда газ қазиб олиш ҳажмини 48,5 млрд куб метрга етказиш прогноз қилинмоқда.

Рақобат қўмитаси 237 та дорихона дори нархларини ошириб қўллаганини аниқлади

Рақобат қўмитаси 2026 йилнинг II чорагида 237 та дорихона дори воситаларини белгиланган меъёрдан юқори устама билан сотганини аниқлади. Уларнинг 33 таси улгуржи, 204 таси эса чакана савдо билан шуғулланувчи дорихоналар ҳисобланади.

Текширувлар давомида 148 810 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилиб, дорихоналар 1,9 млрд сўм асоссиз даромад олгани маълум бўлди. Ушбу маблағлар бўйича истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Жамоат транспортларида АТТО карталаридан фойдаланиш камаймоқда

2026 йилнинг биринчи ярмида АТТО транспорт карталари орқали 88 млн 709 мингта тўлов амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 млн 785 мингтага ёки 24 фоизга кам бўлиб, карталарнинг умумий тўловлардаги улуши 35 фоиздан 22 фоизга тушди.

Шу билан бирга, жамоат транспортида умумий нақдсиз тўловлар ўсишда давом этмоқда. Июн ойида банк карталари орқали 44,4 млндан ортиқ транзакция амалга оширилиб, ўтган йилга нисбатан 62 фоизга кўпайди. Умумий тўлов транзакциялари эса 63,6 млнтани ташкил этган.

Шахмат доналарининг ўрни алмашди. Ким қаерга ишга ўтди?

Ўзбекистонда бир қатор юқори лавозимларда кадрлар ўзгариши амалга оширилди. Сардор Умрзоқов президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилиб, Президент ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори этиб тайинланди.

Шунингдек, Музаффар Комилов президентнинг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлди. Зулайҳо Маҳкамова бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Дилноза Каттаханова тайинланди. Президентнинг маданият бўйича вакили лавозими эса Ҳасан Солиховга топширилди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбек оилаларини кўчиб ўтишга чақирган Лукашенко, лавозими ўзгарган Сардор Умрзоқов ва нархи сунъий оширилган дорилар — 10 июл дайжести | Vaqt.uz